Ижтимоий тармоқларда болалар учун мўлжалланган «Ақлвой» телеканали орқали намойиш этилган «Шахризода. Айтилмаган ҳикоялар» ва «Арт-Одиссей» мультсериалларидаги 2 та лавҳа кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Телеканал маъмурияти ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Фото: Эфирдан кадр

Унда айтилишича, ушбу йўл қўйилган хато бўйича бутун канал ижодкорлари керакли танбеҳни олган. Улар яна бир бор «Болаларни уларнинг соғлигига зиён етказувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш» тўғрисидаги қонун талаблари билан таништириб чиқилиб, қонун бузилиши ҳолатларида интизомий жазо қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилган. Шунингдек, контент назорати кучайтирилиши учун қўшимча ходим ишга олинган.

Фото: Эфирдан кадр

«Афсус билан шуни тан оламизки, болаларда янгиликка интилиш, уларни жаҳон маданий мероси билан таништириш, атроф-муҳитни ўрганишга қизиқиш уйғотишга қаратилган контент танланганига қарамай, унинг ичида кичик ёшдаги болалар учун номаъқул бўлган саҳналар инсон омили сабаб эфирга узатилган. Келажакда юқоридаги каби хатоларга йўл қўйилмаслик учун дубляж билан шуғулланаётган компаниялар билан қўшимча келишувлар амалга оширилди. Энди уларга маънавиятимизга зид бўлган лавҳалар ҳақида маълумот бериб туриш мажбурияти топширилади», — дейилади муносабатда.

Шунингдек, телеканал ҳар жиҳатдан ҳали жуда ёш ва 2021 йилнинг 22 мартидан бошлаб тест режимида эфирга узатиб борилаётгани, том маънода телеканал энди оёққа тураётгани, йўл қўйилган хатолар каналнинг келгусида эҳтиёткорликка амал қилишига, унинг янада яхшиланиши, қизиқарли ва фойдали бўлишига туртки бўлиши таъкидланган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда болалар учун мўлжалланган таълим ва кўнгилочар ушбу телеканал 2021 йилнинг 22 мартидан фаолият бошлади. Телеканал мактабгача таълим вазирлиги кўмаги билан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил август ойида қабул қилинган «Ихтисослашган болалар кўнгилочар — маърифий телеканалини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори асосида ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, бир неча йил аввал «Севимли ТВ» фильм намойиши вақтида кўрсатилган очиқ ётоқ саҳнаси учун барча телетомошабинлардан узр сўраганди.