14:48, 22.06.2021 // 37445

Голливуд юлдузлари Анжелина Жоли ва Бред Питтнинг чиройли бошланиб, хунук якун топган севги ҳикояси (фото)

Голливуднинг энг кўзга кўринган жуфтлигининг ҳаёти билан боғлиқ қизиқарли маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Фото: Cosmopolitan

Муносабатларнинг бошланиши

Бред Питтнинг Анжелина Жоли билан муносабатлари шов-шувли ажрашишдан бошланган. 2005 йилда Голливуд иккига ажралган: ёлғиз қолган Женнифер Энистон ва оила ажралишига сабабчи бўлган Анжелина Жоли томон. Жоли ва Бред «Жаноб ва хоним Смит» криминал комедиясининг суратга олиш майдончасида танишган. Актёр Жолига ошиқ бўлиб қолган, Энистон билан турмушига эса можаро билан нуқта қўйган.

Фото: Cosmopolitan

Энистон биринчиси эмас

Питт билан танишгунига қадар Жоли бошқа актёрлар билан ҳам учрашиб юрган. 1999 йилда суратга олиш майдончасидаги ҳамкасби Билли Боб Торнтоннинг ҳам юрагидан урган, оқибатда актёр уч йилдан буён уйланишни ваъда қилиб, учрашиб юрган қайлиғи Лора Дернни тарк этган.

Фото: Cosmopolitan

Янги даврнинг бошланиши

Ишдаги ишқ 10 йиллик турмушга сабаб бўлган. Актриса катта ўғли Меддоксни 2002 йил Камбоджада Бред билан танишишидан аввал асраб олган. 2005 йилда эса Эфиопиядан 6 ойлик Заҳарани боқиб олган. Бу вақтда Жоли Бред билан учрашишни бошлаган. Бироз вақт ўтиб актриса боқиб олинган фарзандларининг фамилиясини Жоли-Питтга ўзгартирган. 2006 йилда жуфтликнинг илк биологик фарзанди Шейло дунёга келган. Бир йил ўтиб эса ветнамлик бола асраб олинган ва унга Пакс деб исм қўйилган. 2008 йилда эгизаклар Нокс ва Вивен туғилган. Нокс — актёрнинг отаси, Вивен Маршелин эса — актрисанинг онаси исми бўлган.

Фото: Cosmopolitan

Ҳақиқатга айланишини ҳеч ким кутмаган миш-мишлар

2009 йиллардан бошлаб жуфтликнинг муносабатлари дарз кетаётгани ҳақида миш-миш тарқалган. Актёрнинг та’қиқланган моддалар ҳамда бошқа ойимчаларга илакишиб қолиши Жолига ёқмаган. 2007 йилги Кан фестивалида Питт суданлик модель Анна билан танишиб қолган. Уларнинг бир эмас, бир неча марта бирга экани папарацси таъқибидан қочиб қутилолмаган. Бу эса табиийки, Анжелинага ёқмаган.

Фото: Cosmopolitan

Унаштирув

Муносабатларини бошлаганидан буён 10 йил бирга яшаган юлдузлар 2014 йилда турмуш қуришга қарор қилган. Францияда бўлиб ўтган маросимда келин-куёвнинг дўст ва яқинлари иштирок этган. Жоли куёвнинг ёнига ўғиллари Меддокс ва Пакс ҳамроҳлигида борган. Қизлари Заҳара ва Вивен гулбарглар сочган. Шейло билан Нокс эса узукларни кўтариб турган. Келин фарзандлари чизган суратлар туширилган оқ кўйлак кийган.

Фото: Cosmopolitan

Рашк ва можаролар

Актриса турмуш ўртоғини асосли ва асоссиз рашк қила бошлаган. Март ойининг ўртасида эрига кўз сузганликда айблаб, ёш энагани ҳам ҳайдаб юборган. Кейинчалик «Иттифоқчи» фильмининг суратга олиш жараёнидаги Марион Котийярдан қизғанган.

Фото: Cosmopolitan

«Мовий қирғоқ» билан тугаган муносабатлар

«Жаноб ва хоним Смит» фильмининг суратга олиш майдончасида бошланган муносабатлар «Мовий қирғоқ»ни тасвирга олиш жараёнида якунига етган. Унда суратга тушган жуфтлик фильмдаги ижросида ҳам муносабатларни ҳал қилишга уринган жуфтликни гавдалантирган. Қаҳрамонлар тақдири уларнинг ҳар иккисининг ҳаётида ҳам акс этмай қолмаган.

Фото: Cosmopolitan

Низолар

Анжелина Vogue журналига Бред билан муаммоларга ўзига хос тарзда ечим топишга урингани ҳақида интервью берган. Масалан, жуфтлик аввалроқ елкасига бир хил қилиб маъноси фақат икковига маълум бўлган рамзни татуировка қилиб туширган. Улар бу уларни ёмонликлардан асраши ва соғ-саломат бўлишига ҳисса қўшишига ишонган. Саломатлиги ҳақида гап кетганда уларнинг ажралишига Анжелинанинг ҳаддан ортиқ озиб кетгани Бредга ёқмаганини сабаб қилиб кўрсаца ҳам бўлади. Актёр рафиқасини бу даражада озиб кетишдан даволанишига ёрдам бермоқчи бўлган ва бу орада можаролар келиб чиқа бошлаган.

Фото: Cosmopolitan

Ҳаммасига нуқта қўйиш

2016 йил 20 сентябрда Жолининг адвокати Роберт Оффер актриса ажрашиш учун ҳужжатлар топширганини маълум қилган. Бу нафақат мухлислар, балки Питт учун ҳам кутилмаган ҳолат бўлган. Болалари билан 23 сентябрь куни Лондонга жўнаб кетмоқчи бўлган актёр адвокатга учраб, ажрашиш масаласини муҳокама қилишига тўғри келган. Бредни масъулиятсиз ота деб айблаган Жоли олтита фарзандига якка васийлик қилишни истаган.

Ким айбдор?

Фарзандларига ёлғиз ўзи васий бўлишни истаган актриса буни оиласи учун қилаётганини таъкидлаган. Кейинроқ матбуотда Бред спиртли ичимликларга илакишиб қолгани ва катта ўғли Маддоксга қўл кўтаргани ҳақида маълумот тарқалган. Айнан шу ҳолат Жолининг аниқ қарор қилишига сабаб бўлган. Анжелина фарзандларига Питт билан қолиш хавфли деб ҳисоблаган. Аммо Лос-Анжелеснинг болаларни ҳимоя қилиш департаменти текширувидан кейин актёрдан бу айблов олиб ташланган. Жуфтлик 2019 йилда расман ажрашган, 2020 йилда Анжелинанинг ажрашиш тўғри қарор бўлгани ҳақида интервьюси чиққан. Бред янги қайлиғи билан Францияга жўнаб кетмагунича Жоли билан алоқалари ёмон бўлмаган. Унинг бу қилмиши воқеалар ривожининг бошқача тус олишига сабаб бўлган.

Аввалроқ Анжелина Жоли судда собиқ турмуш ўртоғи Бред Питтга ютқазган. Актёр фарзандларига биргаликда васийлик қилишга эришган.

Энг кўп ўқилган

Қидирув