2021 йилнинг 23 июнь куни 53 нафар афғон чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар Ўзбекистон ҳудудига ўтган. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги баёнотида хабар берилди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Ўзбекистон Афғонистондаги, жумладан, чегарадош шимолий вилоятлардаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бормоқда.

Қўшни мамлакатда зўравонликнинг ортиши чуқур хавотир уйғотмоқда. Коронавирус пандемиясининг янги тўлқини шароитида кескинликнинг кучайиши афғон халқи ҳаётини янада мураккаблаштирмоқда.

Ихтилофга алоқадор барча томонларни куч ишлатишдан тийилишга ҳамда тинч аҳоли орасида қурбонлар келиб чиқишига йўл қўймасликка чақирамиз.

2021 йилнинг 23 июнь куни 53 нафар афғон чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар Шўртепа тумани ҳудудидан Ўзбекистонга ўтди.

Зарурий суриштирув ва тергов тадбирлари ўтказилганидан сўнг, ушбу афғон фуқаролари ватанига қайтарилди.

Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилади, давлат чегарасини бузганларга эса энг кескин чоралар кўрилади.

Ўзбекистон томони Афғонистон билан анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини асраш, бетарафликни сақлаш ҳамда қўшни мамлакат ички ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий маълум қилади.

Ўзбекистон ҳукумати биродар афғон халқини ҳар томонлама иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш, жумладан, мамлакатда мустаҳкам ва кенг қамровли тинчлик ўрнатилишига хизмат қиладиган йирик энергетика ва транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш орқали кўмак беришда давом этади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёноти

Сўнгги кунларда Афғонистон шимолида ҳукумат қўшинлари ва «Толибон» ҳаракати ўртасида жанговар тўқнашувлар давом этмоқда. «Толибон» жангарилари бир қатор туманлар ва Тожикистон билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктларини эгаллаб олди. «Толибон» ҳаракатининг Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги Қундуз вилоятида жойлашган «Шерхон-Бандар» назорат ўтказиш пунктига ҳужумидан сўнг ҳукумат қўшинларининг 130 дан ортиқ ҳарбий хизматчиси Тожикистон ҳудудига ўтган эди.

23 июнь куни  Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон телефон орқали суҳбатлашиб, бугунги кунда қўшни Афғонистонда, хусусан, унинг шимолий ва шимоли-шарқий вилоятларида, икки мамлакатнинг Афғонистон билан давлат чегараси ўтадиган ҳудудлари бўйлаб вужудга келаётган таҳликали вазиятни ҳам муҳокама қилди. Президентлар ушбу мамлакат билан чегара чизиғидаги вазиятни жуда кескин деб баҳолади.

Эслатиб ўтамиз, 22 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва қатор манфаатдор ташкилотлар таклифига кўра, Республика махсус комиссияси Афғонистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият кескинлашаётганини инобатга олиб, ўзбек-афғон давлат чегараси орқали фуқароларнинг ҳаракатланишини вақтинча тўхтатишга қарор қилганди.