2020 йилнинг октябрида Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида истиқомат қилувчи аёл ўзининг 8 ёшли қизига номаълум эркак томонидан ахлоқсиз ҳаракатлар амалга оширилгани юзасидан шикоят қилди. «Сукут сақлама» лойиҳасининг маълум қилишича, куни кеча ушбу эркакка нисбатан суд ҳукми ўқилган.

Кадр: Telegram

Ўшанда қизнинг онаси 15 июль куни 8 ёшли қизи уйи яқинидаги дўконга чиққани, у ердан қизни номаълум эркак велосипедда 35-сонли мактабга олиб кетганини маълум қилганди. Қизалоқнинг айтишича, эркак уни мактаб ҳожатхонасига олиб кириб, ечинтирган ва ахлоқсиз ҳаракатларни амалга оширган. Уларни пайқаб қолган мактаб қоровулига эса, эркак қизалоқ синглиси экани ва ҳожатга чиққиси келганини айтган. Шундан сўнг, эркак қизни велосипедга ўтқазиб, кўча бошига ташлаб кетган ва бу ҳақда онасига ҳеч нима демаслигини таъкидлаган.

Аёл бу бўйича Ички ишлар органларига мурожаат қилган. Қизалоқ суратлардан эркакни таниган. Экспертиза қизнинг танаси ва кийимларидан ҳеч қандай изларни топмаган. Унинг сўзларига кўра, гумонланувчи 28 ёшли маҳаллий фуқаро (олдин судланган, уйланмаган) бўлиб чиққан. Жиноятчини таниш вақтида у ўзига лезвия тортиб юборган.

2021 йилнинг 22 июнь куни гумонланувчи Жиноят кодекси 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми билан айбдор деб топилиб, 10 йил-у 1 ойга озодликдан маҳрум қилинди.

Шунингдек, йигит ўта хавфли рецидивист деб эълон қилинган.

Аввалроқ Тошкентда лифтда вояга етмаган қизларга тегажоғлик қилган эркак 1,5 йилга қамалгани тўғрисида хабар берилганди.