Чилонзор тумани ҳокимининг ўзгаргани ўтган ҳафтанинг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Шу вақтгача Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келган Шавкат Мавлонов 2018 йил октябридан Чилонзор ҳокимлигига раҳбарлик қилган Сарвар Маҳаметовнинг ўрнини эгаллади. Бу ҳақда ҳафта ўртасида (16 июнь куни), (жамоатчилик наздида) ҳеч бир тадбир-тадориксиз, гўёки кутилмаганда эълон қилинди. Айни вақтда, Чилонзорга куч ишлатар тизимдан ҳоким тайинланиши тумандаги кечиктириб бўлмас масалалар йиғилиб қолгани ва уни «профессионал туман ҳокимлари» ҳал қила олмаслиги билан боғлиқ бўлиши мумкин — гап қандай масалалар ҳақида кетаётганини эса Чилонзорга шундоққина қўшни Учтепа тумани аҳолиси ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга йўллаган очиқ мурожаатидан англаш мумкиндек.

Сарвар Маҳаметов.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Сарвар Тошматович «профессионал туман ҳокимлари» гуруҳига мансублардан эди. У Чилонзорга ҳоким бўлгунига қадар икки йил (2016—2018 йилларда) Яккасарой туманига раҳбарлик қилган, ундан аввал эса салкам олти йил (2010—2016 йилларда) Бектемир туманини бошқарган. «Дарё» манбаси берган маълумотга кўра, Маҳаметов «ҳозирда соғлиғини тикламоқда», фаолиятини қаерда давом эттириши эса яқин вақт ичида маълум бўлади. Нима бўлганда ҳам, унинг ишдан олинишини, аслида, кўп ҳам кутилмаган воқеа деб бўлмайди — президент Мирзиёев уни 2021 йил бошидаёқ ишдан ҳайдамоқчи бўлган. «Лекин у ёлвориб, топшириқларни уч ой ичида бажара олишини айтди», — деганди Шавкат Мирзиёев 15 январь куни Юнусободда бўлган фаоллар учрашувида (худди ўша учрашувда президент пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга Чилонзор ҳокимини мақтагани ва унга «адвокатлик» қилганини қоралаган).

Афтидан, топшириқлар орадан уч эмас, беш ой ўтса ҳам кўнгилдагидек бажарилмаган, шу боис Сарвар Маҳаметов энди вақтинча ишсиз (эҳтимол, бу унинг туманларга ҳокимлик қилиш бўйича марафонидаги қисқа муддатли танаффусдир бор-йўғи). Аммо унинг Чилонзордаги ҳокимлик даврида ёдда қоларли бир воқеа бор барибир. Лекин у собиқ ҳокимнинг Юнусободдаги уйи билан боғлиқ.

«Чилонзор ҳокимининг уйига ўғри тушди!»

2018 йил декабрининг ўрталарида шундай хабар тарқалди — 5 декабрь куни Чилонзор ҳокимининг уйида йирик ўғрилик амалга оширилган, уч киши катта миқдордаги заргарлик буюмлари ва пулни ўғирлаб кетган. Ҳодиса юзасидан Юнусобод туман ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўғрилик) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган, 7 декабрь куни гумонланувчилар — икки эркак ва бир аёл қўлга олинган, орадан икки кун ўтиб уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. 2019 йил 5 апрелида жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан ўғриликни содир этишда айбдор деб топилган М.М. ва К.Г. 8 йилга, Г.Р. (аёл киши, тўрт боланинг онаси) эса 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Олий суд ахборот хизматидан «Дарё»га маълум қилишларича, М.М. (муқаддам бир марта судланган), К.Г. (муқаддам тўрт марта судланган) ва Г.Р. (муқаддам судланмаган) ўзаро тил бириктириб, ҳокимнинг рафиқаси Д.М. ва бошқаларни олти ой давомида кузатган. Г.Р. Чилонзор ҳокимининг рафиқаси билан бир жойда — Тошкент педиатрия тиббиёт институтида инглиз тили ўқитувчиси сифатида ишлаган. Айнан у К.Г.га ҳокимнинг рафиқасига тегишли сумкадан унинг уйи калитларини олиб, нусха кўчирган. Ўғрилик содир этилишидан аввал ҳокимнинг уйи бир неча кун кузатилиб, ўрганилган — уйнинг орқа томонидаги кириш эшигига кузатув камералари ўрнатилмагани аниқлангач, 5 декабрь куни М.М. уйга нусха кўчирилган калитлар билан кириб, тақинчоқлар ва пулларни ўғирлаб чиққан.

Ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбанинг маълум қилишича, Чилонзор ҳокимининг уйида ўғирлик бўлган куни унинг рафиқаси 102 рақамига қўнғироқ қилиб, уйидан 102 минг доллар ва 140 миллион сўмлик қимматбаҳо заргарлик буюмлари йўқолгани ҳақида хабар берган. Суд маълумотларига кўра, 118,85 миллион сўмлик қимматбаҳо буюмлар ва 102 минг доллар (Марказий банкнинг 2018 йил 5 декабрдаги курси бўйича 848,11 миллион сўм) — жами 966,96 миллион сўмлик қимматликлар ўғирлангани тасдиқланган.

Ҳокимнинг уйидан ўғирланган қимматбаҳо буюмлар орасида, жумладан,

  • 8,3 миллион сўмлик бир жуфт кўк кўзли аёллар тилла зираги ва бир дона аёллар тилла узуги;
  • 3,3 миллион сўмлик тилла кулони билан бирга бир жуфт аёллар тилла зираги ва бир дона аёллар тилла узуги;
  • 1,5 миллион сўмлик бир жуфт бриллиант кўзли аёллар тилла зираги ва бир дона аёллар тилла узуги;
  • 2,5 миллион сўмлик икки дона эркак ҳамда аёлларга тегишли тилла узуклар;
  • 16 миллион сўмлик бир дона аёллар тилла билагузуги, бир жуфт қора рангли марварид кўзли аёллар тилла зираги ва бир дона аёллар тилла узуги;
  • 1 миллион сўмлик бир дона пушти рангли марварид кўзли аёллар тилла зираги;
  • 1,5 миллион сўмлик бир дона аёллар тилла занжири;
  • 800 минг сўмлик бир дона аёллар тилла кулони,
  • 5,5 миллион сўмлик бир жуфт аёллар тилла зираги, бир дона аёллар тилла узуги ва бир дона аёллар тилла билагузуги;
  • 5,5 миллион сўмлик бир жуфт яшил кўзли аёллар тилла зираги, бир дона аёллар тилла узуги ва бир дона аёллар тилла кулони;
  • 17 миллион сўмлик бир жуфт бриллиант кўзли аёллар тилла зираги ва бир дона аёллар тилла узуги;
  • 2,5 миллион сўмлик сапфир кўзли аёллар тилла узуги;
  • 1,5 миллион сўмлик бир жуфт аёллар тилла зираги ва бир дона аёллар тилла узуги;
  • 1,2 миллион сўмлик бир дона бриллиант кўзли «Роза» аёллар тилла узуги;
  • 8,4 миллион сўмлик бир жуфт бриллиант кўзли «Виноград» аёллар тилла зираги;
  • 20 миллион сўмлик «Мак-тайм» эркаклар қўл соати;
  • 850 минг сўмлик бир дона аёллар тилла занжири ва бир дона аёллар тилла кулони;
  • 1,3 миллион сўмлик бир дона Chanel аёллар тилла қўл занжири;
  • 800 минг сўмлик бир дона аёллар тилла қўл занжири;
  • 1,5 миллион сўмлик икки дона «Сарвиноз» ва «Хонзода» ёзувли болалар тилла қўл занжири;
  • 2 миллион сўмлик бир дона эркаклар тилла узуги;
  • 2 миллион сўмлик бир дона аёллар занжири;
  • 4 миллион сўмлик бир дона аёллар тилла занжири (тросс);
  • 800 минг сўмлик икки жуфт аёллар кумуш зираги ва икки дона кумуш узуги;
  • 8 миллион сўмлик Николай пошшо даврига мансуб уч дона тилла танга;
  • 300 минг сўмлик икки дона қўл соати;
  • 800 минг сўмлик бир дона Orient русумли аёллар қўл соати бўлган.

Ким билсин, балки 2018 йилги шу ҳодисадан сўнг Ўзбекистон расмийлари амалдорларнинг даромадларини мажбурий декларация қилиш тартибини жорий қилиш ҳақида жиддий бош қотира бошлагандир. Бахтга қарши, бу тартибни жорий этиш йилдан йилга кечикмоқда (дастлабки режа бўйича, бу тартиб 2020 йил 1 январдан жорий этилиши керак эди, кейинчалик 2021 йил 1 январигача кечиктирилган эди, энди 2022 йил 1 январдан дейиляпти).