Ўзбекистонда сўнгги кунларда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётгани инобатга олиниб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таклифига биноан Республика махсус комиссиясининг қарорлари билан жорий этилган тартиб ва чекловларга қўшимчалар киритилди.

2021 йилнинг 28 июнидан

  • 12 июлига қадар Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автотранспорт (автобус, автомобиль) воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатилди;
  • хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламлари билан биргаликда Тошкент шаҳри аҳолисининг 18 ёшдан катта бўлган барча қатламини ўзлари бириктирилган оилавий поликлиникаларда коронавирус инфекциясига қарши Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ихтиёрий тарзда оммавий эмланиши белгиланди;
  • Республика бўйлаб кўнгилочар объектлар – ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, билярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари – кафе, ошхона, чойхоналарни ишлашига соат 8:00 дан 20:00 гача рухсат берилади;
  • кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларида ташриф буюрувчиларга ушбу муассасаларнинг умумий сиғимининг 50 фоизидан қатъий оширмаган ҳолда хизмат кўрсатиш белгиланди.

Мамлакатда кунлик касалланиш ҳолатлари сони яна ортиб бормоқда. 24 июнь куни коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 476 та янги ҳолат рўйхатга олиниб, кунлик касалланишлар сони бўйича 2021 йилги янги антирекордни ўрнатди. 23 июнда 442 кишида 22 июнда 419 кишида, 21 июнда 395 кишида, 20 июнда 427 кишида, 19 июнда 415 кишида коронавирус тасдиқланган.