Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таклифига биноан Республика махсус комиссиясининг қарорлари билан коронавирус сабаб жорий этилган тартиб ва чекловларга қўшимчалар киритилди.

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 28 июнидан 12 июлига қадар Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автотранспорт (автобус, автомобиль) воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатилди. Ушбу чеклов қуйидаги ҳолатларга татбиқ этилмаслиги белгиланди:

  • Тошкент шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга;
  • Тошкент шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) чет эл фуқароларига;
  • даволаниш учун ташриф буюраётган шахсларга;
  • Тошкент шаҳрида доимий фаолият кўрсатувчи ҳудудлардан келувчи шахсларга (иш жойи тўғрисида тасдиқловчи ҳужжат бўлган тақдирда);
  • Тошкент халқаро аэропорти орқали хорижий мамлакатга учиб кетувчи шахсларга (авиачипта бўлган тақдирда);
  • Ўзбекистонга турист бўлиб келган чет эл фуқароларига ва уларни олиб келаётган автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси ҳамда, агар гуруҳли жамоа бўлса, таржимон ёки туристик фирма вакилига;
  • барча турдаги юк ташиш, шунингдек, қурилиш материаллари (қум, шағал ва бошқалар) билан боғлиқ ҳолларга, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳар қандай автотранспорт воситаларида ҳамда «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг почта жўнатмаларини ташиш билан боғлиқ ҳолларга;
  • соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларига.

Мамлакатда кунлик касалланиш ҳолатлари сони яна ортиб бормоқда. 24 июнь куни коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 476 та янги ҳолат рўйхатга олиниб, кунлик касалланишлар сони бўйича 2021 йилги янги антирекордни ўрнатди. 23 июнда 442 кишида 22 июнда 419 кишида, 21 июнда 395 кишида, 20 июнда 427 кишида, 19 июнда 415 кишида коронавирус тасдиқланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 28 июндан карантин чекловлари кучайтирилади. Кўнгилочар ва овқатланиш объектлари фаолиятига чекловлар ўрнатилади.

Бундан ташқари, Тошкентда 18 ёшдан ошганлар 28 июндан коронавирусга қарши оммавий эмланиши маълум қилинди.