Ҳозирги даврда китобга бўлган қизиқиш тобора йўқолиб бормоқда. Китобларнинг ҳам қоғоз варианти ўрнига электрон версиясини афзал кўрамиз. Шу сабабли китоб сотувчилари ўқувчи эътиборини жалб қилиш учун тобора кўпроқ янги усулларни ўйлаб топмоқда.

Фото: TravelAsk

Хитойда ўз дўконларини ҳақиқий диққатга сазовор жойларга айлантиришга муваффақ бўлган «Чжуншуге» китоб дўконлари тармоғи мавжуд. Лабиринтга ўхшайдиган китоб дўкон тармоқнинг энг ноёб лойиҳаси ҳисобланади. Хитойнинг Ченгду шаҳридаги Dujiangyan Zhongshuge дўкони бир қарашда чексиз кўринади. Агар ўзингизни китобсевар деб ҳисобласангиз, бу ерда ўзингизни жаннатда юргандай ҳис қиласиз, чунки дўкондаги китоб жавонлари шу қадар чўзилиб кетганки, уларнинг қаерда тугашини англаб бўлмайди.

Фото: TravelAsk

Бу, аслида, Х+Ливинг дизайн студияси томонидан атайлаб яратилган иллюзия. Иллюзияга жуда оддий усуллар билан эришилган: кўзгулар, қора кафеллар ва қизил дарахтдан қилинган арклар ёрдамида. Шу туфайли бу дўкон ўзга дунёга ўхшайди.

Фото: TravelAsk

3200 квадрат метр майдонда 80 мингга яқин китоб бор, лекин шифтдаги ва хоналарнинг бошқа жойларидаги кўзгулар туфайли бундан кўпга ўхшайди. Бундан ташқари, дизайнерлар ажойиб усул қўллаган: улар юқори жавонларни сохта китоблар билан, аниқроғи, оддий стикерлар билан тўлдирган. Улар буни атайлаб қилган: китобхон учун ҳам, Dujiangyan Zhongshuge ходимлари учун ҳам юқори жавонларга чиқиш ва китобларни назорат қилиш жуда қийин.

Фото: TravelAsk

Лойиҳа устида беш ойдан кўпроқ вақт ишланган. Энг ажабланарли томони шундаки, ҳатто ойнали шифтларнинг сирини биладиганлар ҳам ҳақиқий жавонлар қаерда тугашини ва иллюзия қаердан бошланишини дарҳол англай олмайди.