Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистон иқтисодиёти 2021 йилда 5,6 фоизга,  2020 йилда эса 6 фоизга ўсишини, шунингдек, мамлакатда хусусий истеъмол ва инвестициялар ҳажми тикланишини прогноз қилмоқда. «Gazeta.uz»нинг ёзишича, бу ҳақда банкнинг «Минтақавий иқтисодий истиқболлар» янги ҳисоботида қайд этилган.

Фото: «Дарё»

Ҳисоботда айтилишича, хизматлар соҳаси, умумий саноат, қурилиш, ва қишлоқ хўжалиги каби миллий иқтисодиётнинг муҳим соҳаларида бу йил ўсиш кузатилмоқда. Пандемияга қарамасдан мамлакатда бозор ислоҳотлари, шу жумладан, давлат корхоналари ва банкларни хусусийлаштириш давом этмоқда.

Марказий Осиёда тикланиш жараёни барча давлатларда бир даражада кетмаётган бўлса-да, минтақа бўйича умумий прогноз яхши томонга қайта кўриб чиқилди. 2021- ва 2022 йилларда минтақада иқтисодий ўсиш 4,5 фоизни ташкил қилиши тахмин қилинмоқда. Бу хом ашё нархларининг ўсиши (бу хом ашё экспортчиларига фойда) ва халқаро пул ўтказмаларининг тикланиши ҳисобига амалга ошади.

«Аниқлаштирилган прогнозлар оптимистик кайфиятда бўлишга ундаса-да, ҳали ҳамон COVID-19’нинг дельта штамми билан боғлиқ вазият келгусида қандай тус олиши билан боғлиқ сезиларли мавҳумлик сақланиб қолмоқда. Коронавируснинг ушбу кўриниши вакцинацияда унча илгариламаган давлатлар ва халқаро туризмга юқори даражада боғланган иқтисодиётлар учун катта хавф туғдиради», — деб қайд этган ЕТТБнинг бош иқтисодчиси Беата Яворчик.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг бошларида Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисодиёти 4,3 фоизга ўсишини прогноз қилганди. Март ойидаги ҳисоботида эса 2021—2022 йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти ўсишини, хусусан,  2021 йилда ЯИМ ўсиши 4,8 фоизгача тикланишини прогноз қилганди.

Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши да макроиқтисодий барқарорлик ва белгиланган бюджет тушумларини тўлиқ таъминлаш учун 2021 йили иқтисодиётда камида 5,1 фоиз ўсишга эришиш керак бўлишини айтганди.