Бухорода 14 ёшли қизга жинсий зўравонлик қилган чўпон 3 йилга қамалди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» Олий суд ахборот хизматига таяниб хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг август ойида Қоракўл туманидаги «Бандбоши» МФЙ фуқароси А.С. (1989 йилда туғилган) тумандаги бошқа маҳалла йиғинида яшовчи Ш.Р. билан танишиб қолган. Ҳар иккиси чўпонлик билан шуғулланган. Ш.Р. янги таниши бўлган А.С. билан дўстлашиб, уни тез-тез хонадонига олиб келадиган бўлган.

А.С. фуқаро Ш.Р. нинг турмуш ўртоғи, уч нафар қизи ва бир ўғли билан танишган. 2020 йилнинг 20 октябрида улар биргаликда Қоракўл чўл ҳудудидаги «Чибирдон ота» зиёратгоҳига боришган. Ш.Р.нинг катта қизи — тумандаги мактабнинг 8-синф ўқувчиси, 14 ёшли А.Х. (2006 йилда туғилган)нинг қўл телефони рақамини олган А.С. ҳали вояга етмаган қизга ишқий изҳорларини SMS орқали йўллаб турган.

Вояга етмаган қизга турмуш ўртоғи билан ажрашганини ва унга уйланишини билдирган. Қиз ўзидан 17 ёш катта эркакнинг ёзишмаларидан қўрқиб, ундан бундай SMSлар ёзмасликни, ота-онаси билиб қолса, қаттиқ жазолаши мумкинлигини айтган. А.С. кунора янги танишини кўриш баҳонасида уларнинг хонадонига келиб кетаверган.

14 ноябрь куни соат 10:00 ларда А.Х. мактабдан қайтган ва бу пайтда ҳовлида ҳеч ким бўлмаган. Эркак эса қизнинг қаршилигига қарамай, унинг қўлидан тортиб, машинасининг орқа ўриндиғига мажбурлаб ўтирғизган ва машина эшикларини қулфлаб, ҳайдаб кетган. Қоракўл туманида жойлашган «Эшонқул-Ниёз» фермер хўжалиги дала шийпонига олиб бориб, зўрлик ва куч ишлатиш йўли билан қизни машинадан туширган. Шийпон қоровулхонасига вояга етмаган қизни мажбурлаб олиб кирган чўпон унинг қаршилигига қарамай, жинсий зўравонлик қилган ва номусини топтаган.

Шундан сўнг А.С. 14 ёшли қизга бу ҳолатни ҳеч кимга айтмаслигини, 11-синфни тугатганидан сўнг унга уйланишини, бу ишдан ота-онаси хабар топса, ҳар иккисини ҳам ўлдириши мумкинлигини айтиб қўрқитган.

Вояга етмаган қизни тез-тез учрашувга таклиф қилган ва қиз рад этганда, ҳолатдан ота-онаси ҳамда бошқалар ҳам хабар топишини айтиб, пўписа қилган. Гап-сўз тарқалишидан қўрққан А.Х. у билан учрашувларга чиқиб турган. Чўпон қизга турли ваъдалар бериб, кейинчалик ихтиёрий рози бўлган қиз билан «Қандим» заводи томондаги чўл ҳудудидаги чўлда, машинаси ичида ишқий муносабатда бўлиб келган.

Қиз 2021 йил 21 январь куни бўлиб ўтган ҳолатларни онаси М.Р.га айтиб берган. 22 январь куни фуқаро М.Р. туман ИИБга ҳолат юзасидан ариза билан мурожаат қилиб, А.С.га нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.

Ариза юзасидан олиб борилган тезкор тергов-суриштирув ишлари давомида А.С. барча айбни вояга етмаган қизга ағдариб, турли ишқий мактублар ёзгани, уни тинч қўймаганини, шундан сўнг у билан учраша бошлаганини билдирган. Қўшимча қилинишича, вояга етмаган 14 ёшли қизни номуссизликда, яъни биринчи жинсий алоқада бокира эмасликда айблаган ва қиз томонидан ёзилган ишқий мактубларни кўрсатган.

Воқеа тафсилотлари тўлиқ ўрганилганда чўпон бир неча бор учрашувлари пайтида қизнинг вояга етмагани ва ғўрлигидан фойдаланиб, ўз номига турли ишқий мазмундаги хатларни қизнинг қўли билан ёздириб олгани ошкор бўлган.

Суд давлат айбловчисининг хулосасини, жабрланувчи — вояга етмаган А.Х. ва А.С.нинг ҳуфёна ишқий учрашувлари борасидаги иш ҳужжатларини ўрганиб чиққан. Суд жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар орқали А.С.нинг жиноий хатти-ҳаракатларини фош этган.

Унинг «Мен қиз билан такроран жинсий алоқада бўлмаганман, уни мажбурламаганман» деган важларини асоссиз, деб ҳисоблаган. Натижада А.С. ўз айбини тан олишга мажбур бўлган.

Суд томонидан судланувчининг қилмишлари оилавий муносабатларга салбий таъсир кўрсатишини ва бошқа ижтимоий муаммолар келтириб чиқаришини назарда тутиб, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялаш мумкин эмас, деган қатъий фикрга келинди. 30 май кунидаги суд ҳукмига кўра, А.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 128-моддаси 2-қисмининг «а» банди (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилса) санкцияси доирасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ушбу бандга кўра, А.С. жазони уч йил муддатга манзилли колонияларда ўтайди.

Бундан аввал Жиззахда мактаб ўқувчисини зўрлаган шахс жинояти 20 йил ўтиб фош бўлгани, Тошкент вилоятида 14 ёшли қизнинг номусига тегганликда гумонланаётган шахс қамоққа олингани маълум қилингани ҳамда Сирдарёдаги мактаб ҳожатхонасида 8 ёшли қизга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатларни амалга оширган эркак 10 йилга қамалгани ҳақида хабар берилганди.