Ўзбекистонда TikTok ва Twitter’нинг очилиши секинлашди — ҳар иккала сервиснинг юкланиши катта қийинчилик билан юз бермоқда, хусусан, Twitter’да медиа-файллар юкланмаяпти.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Аввалроқ, май ва июнь ойларида «Ўзкомназорат» матбуот хизмати «ВКонтакте», Twitter, WeChat, Skype ва TikTok сервислари маъмуриятларига «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 27-1-моддаси талабларга риоя этилишини таъминлаш чораларини кўриш юзасидан кўрсатмалар берганини маълум қилган эди. Ушбу модда («Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартлари») қонунга 2021 йил 14 январдаги қонун билан киритилган бўлиб, унинг амал қилиши 2021 йил 15 апрелдан бошланган эди.

Шунингдек, май ойида Давлат персоналлаштириш маркази директори Улуғбек Тошхўжаев шахсга доир маълумотларга ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда уларни жисман Ўзбекистон ҳудудида жойлашган техник воситаларда йиғилиши ва сақланишини таъминлаш мақсадида Facebook (Facebook Messenger, Instagram, WhatsApp), Google (Google Messenger, YouTube), «Mail.ru» («ВКонтакте», «Одноклассники»), Microsoft (Skype), Telegram, Tencent (Wechat), TikTok, Twitter, Yandex («Яндекс.Такси», «Яндекс.Харита», «Яндекс.Мессенжер», «Яндекс.Денги»)га қонунчилик талабларини бажариш ҳақида мурожаат хатлари юборилганини билдирган эди.

Кўрсатиб ўтилган қонун моддаси талабларига кўра, «мулкдор ва (ёки) оператор Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларнинг жисман Ўзбекистон ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида йиғилишини, тизимлаштирилишини ва сақланишини таъминлаши шарт».

Ҳозирча Twitter, TikTok ва бошқа сервисларнинг Ўзбекистон ҳудудида блоклангани ёки уларга кириш тезлиги мажбурий пасайтирилгани юзасидан расмий баёнот берилганича йўқ. «Ўзкомназорат» матбуот хизматидан «Дарё»га маълум қилишларича, ҳолат юзасидан «яқин вақт ичида» муносабат билдирилади. Ташкилот матбуот хизмати бошқа тафсилотларни очиқламади.