АҚШ Афғонистондаги ҳарбий контингентининг 90 фоиздан кўпроғини олиб чиқиб кетди. Бу ҳақда Қуролли Кучлар марказий қўмондонлиги баёнотига таяниб, «РБК» хабар берди.

Америка ҳарбийлари чиқиб кетгандан сўнг АҚШ авиабазаси яқинида турган афғон аскари

Фото: Reuters

«Олиб чиқиш жараёни давом этмоқда. АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги маълумотларига кўра, барча қўшинларнинг 90 фоиздан ортиғини олиб кетиш ишлари якунланди», — дейилади хабарда. Таъкидланишича, бу 5 июль ҳолатидаги маълумотлар.

Пентагон Афғонистондан 17 минг дона ускунани олиб чиқиб кетган. Бундан ташқари, америкаликлар еттита ҳарбий объектни Афғонистон мудофаа вазирлигига топширган.

Афғонистондан НАТО қўшинларини олиб чиқиш 29 апрелда бошланган, АҚШ ва «Толибон» ўртасида тузилган келишувга биноан жараён кузда якунланиши керак.

Аввалроқ «Толибон» барча чет эл қўшинлари Афғонистонни ўз муддатида тарк этишини талаб қилгани ҳақида хабар берилганди. АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш амалиёти август охирига қадар тугашини маълум қилди.

Associated Press хабарига кўра, АҚШ қўшинларининг асосий қисмини олиб чиққанидан кейин Афғонистонда 650 га яқин америкалик ҳарбийни қолдирмоқчи. Таъкидланишича, Афғонистонда қоладиган ҳарбийлар дипломатларнинг хавфсизлигини таъминлайди.

Бугунга қадар Германия ва Италия Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни якунлади.