Австралия қўшинларининг барчаси Афғонистон ҳудудини тарк этди, дея хабар бермоқда «РБК» мамлакат мудофаа вазири Питер Даттонга таяниб.

Архив

Фото: US Navy

«Айни пайтда бу ҳарбий кампания ўз якунига етди. Бу кучларни олиб чиқиш учун айни фурсат келди, аммо бу АҚШ билан кампанияларда иштирок этмаслигимизни билдирмайди», — деди у.

Мудофаа вазири қайд этишича, ўтган 20 йил ичида Афғонистондаги ҳарбий кампанияда 39 мингдан ортиқ австралиялик ҳарбий хизматчи қатнашган, уларнинг 41 нафари ҳалок бўлган. Сўнгги йилларда контингент 1,5 минг аскар ва офицерлардан 80 кишигача камайган.

Даттоннинг таъкидлашича, Австралия мамлакатдан қўшинларини олиб кетганидан кейин ҳам терроризмга қарши курашда Афғонистоннинг иттифоқдоши бўлиб қолади.

Афғонистондан НАТО қўшинларини олиб чиқиш 29 апрелда бошланган, АҚШ ва «Толибон» ўртасида тузилган келишувга биноан жараён кузда якунланиши керак. Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШ Афғонистондаги ҳарбий контингентининг 90 фоиздан кўпроғини олиб чиқиб кетди.

Аввалроқ «Толибон» барча чет эл қўшинлари Афғонистонни ўз муддатида тарк этишини талаб қилгани ҳақида хабар берилганди. АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш амалиёти август охирига қадар тугашини маълум қилди.

Associated Press хабарига кўра, АҚШ қўшинларининг асосий қисмини олиб чиққанидан кейин Афғонистонда 650 га яқин америкалик ҳарбийни қолдирмоқчи. Таъкидланишича, Афғонистонда қоладиган ҳарбийлар дипломатларнинг хавфсизлигини таъминлайди.

Бугунга қадар Германия ва Италия Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни якунлади.