16:57, 11.07.2021 // 33674

Таниқли эркакларнинг муваффақиятга эришишида ҳиссаси беқиёс бўлган аёллар (фото)

Дунёдаги энг машҳур ва муваффақиятли кишиларнинг ҳаётида муҳим рол ўйнаган аёллар ким экани ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Илон Маск ва Мей Маск

Фото: AdMe

Мей бугунги кундаги энг муваффақиятли ва машҳур кишилардан бири бўлган Илоннинг онаси. Ўғлининг 3 ёшлигидаёқ унинг даҳо эканини билган Мейни кичик Маск дарҳақиқат мислсиз бўлган нарсани яратиш учун истеъдодидан фойдалана оладими, деган савол безовта қилган. Бу ҳақда гап кетганда Мей «Мана, нега мен унга бошиданоқ сармоя киритдим», — дейди.

31 ёшида уч нафар фарзанди билан ёлғиз қолган аёлнинг ҳаётдаги асосий мақсади фарзандларига порлоқ келажак учун имкон бериш бўлган. Ўз бизнесини очган ва 24 соат давомида тинимсиз ишлаган. Фарзандларига мустақил, марҳаматли, ҳалол, эътиборли ва назокатли бўлиш билан бирга, кўп ишлашни, яхшилик қилишни ўргатган. Уларнинг жавобгарлиги деб билгани учун уй вазифаларини текширмаган. Мей ҳеч қачон болаларига нимани ўрганишларини айтмаган. «Одамлар мендан қандай қилиб бундай муваффақиятли фарзандларни катта қилганим ҳақида тез-тез сўрайди. Бунга уларнинг ўз қизиқишлари изидан кетишига изн берганим сабаб бўлган», — дейди у.

Аёл фарзандларини ҳеч қачон эркалатмагани сабаб улар ҳашаматдан йироқ бўлган. Мей болаларини камтар бўлиб қолишини афзал билган.

Стив Жобс ва Лорен Пауэлл Жобс

Фото: AdMe

Стив Жобс рафиқаси Лорен Пауэлл Жобс билан 1989 йилда Стенфорд бизнес мактабида маъруза ўқиган куни танишган ва рақам алмашган. Бу ҳақда гап кетганда Стив: «Мен машиналар тўхташ жойида автомобилни қиздиришга уринар эканман: агар бу менинг Ер сайёрасидаги сўнгги туним бўлса, уни иш билан боғлиқ учрашувда ўтказишни истайманми ёки бу аёл биланми, деб ўйладим. Унинг олдига югуриб бордим ва мен билан кечки овқат қилишни истайсанми, деб сўрадим. Ҳа, деб жавоб берди, биз шаҳарга кетдик ва ўшандан бошлаб ҳамиша бирга бўлдик», — деган.

Биринчи фарзандлари дунёга келганидан кейин Стивнинг ҳаёт тарзи аввалгидан ўзгарган. Жобс Лореннинг у учун нақадар муҳимлигини англатиб севги мактуби ёзган: «20 йил аввал бир-биримиз ҳақимизда кўп нарса билмасдик. Биз ўз ички ҳисларимизга ишондик ва мен сени ақлдан озадиган даражада яхши кўрдим. Аванида турмуш қурганимизда қор ёғганди. Йиллар ўтди, фарзандларимиз дунёга келди, яхши ва оғир вақтлар бўлди, аммо ҳеч ҳам ёмони бўлмади. Бизнинг севгимиз ва ўзаро ҳурматимиз ҳаммасини енгиб ўтиб, янада кўпайди».

Марк Цукерберг ва Карен Кемпнер

Фото: AdMe

Карен Facebook асосчиси бўлган Маркнинг онаси. Мутахассислиги психиатр бўлган аёл ўзини фарзандларига бағишлаш мақсадида амалиётдан воз кечган ва турмуш ўртоғининг офис-менежери сифатида фаолият олиб борган. Маркнинг отаси Эдвард Цукерберг берган интервьюларида «Менинг рафиқам — супер аёл. У бир вақтнинг ўзида ишлаш ва уйда бўлишнинг уддасидан чиқади», — деган. Марк эса муваффақиятларга эришишида онасининг хизмати катталигини таъкидлашдан чарчамайди: «Мен нима бўлишидан қатъи назар, онам билан фахрланишимни дунё билишини истайман ва бу ҳақда томдан туриб бақиришга тайёрман», — дейди Марк.

Криштиану Роналду ва Мария Долорес Душ Сантуш Авейру

Фото: AdMe

Ночор оилада дунёга келган Криштианунинг онаси Мария ошпаз бўлиб ишлаган. Қийинчиликларга қарамай, ҳамиша ўғлининг ёнида бўлган аёл бугунги кунда ҳам уни қўллаб-қувватлашдан чарчамайди. Роналдуни машҳур футболчи бўлишига унинг ҳиссаси катта. Мария ўғлининг 14 ёшида мактабни тарк этиб бор диққатини футболга қаратиш қарорини қўллаб-қувватлаган. Айнан шу сабаб ҳам бугунги кунда муваффақиятли ва машҳур футболчининг карьера билан боғлиқ қарорларига онаси ҳали ҳамон таъсир кўрсатиши мумкин.

Арнольд Шварценеггер ва Мария Шрайвер

Фото: AdMe

Арнольд ва Мария ажрашганига қарамай, улар ҳали ҳамон бир-бири билан яхши муносабатда туғилган кунларни ҳам биргаликда нишонлайди ҳатто. Арнольд 25 йил давомида бирга ҳаёт кечирган рафиқасидан миннатдорлигини яширмайди. «У ҳайратомуз ва ҳамма нарсани ўз ўрнига қўядиган аёл. Мария бағоят ажойиб она», — дейди у. Шунингдек, актёр Мария унинг бутун умрлик севгиси эканини айтиб, муносабатларида муаммо кузатилишини истамаганларга хато қилмасликни тавсия қилади.

Киану Ривз ва Патрисия Тэйлор

Фото: AdMe

Киану онаси билан жуда ҳам дўстона муносабатда буни уларнинг 2020 йилдаги қизил йўлакдаги суратларидан ҳам билса бўлади. Оммага камдан кам кўриниш берадиган Патрисия аксарият ҳолларда саҳна ортида қолади. Актёр эса муваффақиятли карьерасига онасининг ҳиссаси катта эканлигини таъкидлайди. «Жон Уик» фильмининг тақдимотида актёр онасига бағишлаб нутқ сўзлаган. «15 ёшимда онамдан актёр бўлсам бўладими, деб сўраганимда: Нима хоҳласанг шуни қил, азизим, деб жавоб берган. Ҳаммаси шундай бошланган», — деган актёр.

Кичик Роберт Дауни ва Сюзан Дауни

Фото: AdMe

Бахтли жуфтлик эканига қарамай Роберт ва Сюзаннинг қийинчилик ва қувончли лаҳзаларни ўзида мужассам этган ўз ҳикояси бор. Аввалига Сюзан Робертга қизиқмаган ва уни ғалати деб ҳисоблаган. У Робертнинг ёмон одатларидан қутулишига ёрдам берган, ёмон қилиқлари маълум бўлганида уни тарк этишни истаган, аммо ташлаб кетолмаган. Роберт тобора Сюзанга ўхшаб боргани ва ҳалигача нима бўлганини тушунишга уринишини таъкидлаган.

Леонардо Ди Каприо ва Ирмелин Инденбиркен

Фото: AdMe

Муваффақиятли карьера учун онасидан миннатдор бўлган актёр Ирмелинни ҳақиқий мўъжиза деб билади. «Мен имтиёзли шароитда катта бўлмадим. Шарқий Лос-Анжелеснинг жиноятларга бой туманида ўсиб-улғайдим. Онам мени бошқа мактабга олиб бориш ва бошқа имкониятлар борлигини кўрсатиш учун кунига 3 соат сарфлаган», — дейди актёр. Россиялик иммигрантнинг қизи бўлган Ирмелин АҚШга ўсмирлик вақти келиб қолган ва фарзандини ёлғиз ўзи катта қилган. Леонардо онасининг болаликдаги суратларини томоша қилганда унинг бошдан кечирганларини ўйлаб, кўзига ёш келишини таъкидлайди.

Жефф Безос ва Жаклин Безос

Фото: AdMe

Онаси Жаклин Безос бўлмаганида Жефф бугунги кунда Amazon’га асос солмаган ва дунёнинг энг бадавлат кишилари рўйхатидан ўрин олмаган бўларди. «Онам мени 17 ёшида дунёга келтирган. 1964 йил Албукеркида мактаб ўқувчисининг ҳомиладорлиги яхши қабул қилинмаган. Унга осон бўлмаган», — дейди Жефф. Аёл ишга базўр жойлашганидан кейин ойига 190 доллар топа бошлаган. Жаклин турли қийинчиликларга қарамай, ҳаётда ўз ўрнини топган ўғил тарбиялашга муваффақ бўлган.

Бенедикт Камбербетч ва Ванда Вентхам

Фото: AdMe

Бенедиктнинг келажакда актёрлик касбини танлашига онаси Ванда сабабчи бўлган. Болалигидан онаси билан бирга театрга боргани ва шундай муҳитда катта бўлгани кичик Камбербетчга таъсир қилмай қолмаган. Онаси билан бирга тез-тез кўриниш берадиган актёр орзуларини амалга ошириш учун ҳамиша қўллаб-қувватлагани учун онасидан миннатдор.

Энг кўп ўқилган

Қидирув