Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Анвар Ҳусанов ҳозирда вазият жиддий эканини таъкидлаб, аҳолига мурожаат йўллади.

Кадр: Видеодан скриншот

«Ассалому алайкум, ҳурматли ватандошлар. Менинг исмим Анвар Ҳусанов. Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директориман. Сизларга шифокор сифатидаги бурчим деб мурожаат қилишга аҳд қилдим.

Бугунги кунда Ер юзида коронавирусни яна ривожланиши, пандемияни кучайиши кузатилмоқда. Ўзбекистонда ҳам касаллик авж олмоқда.

Бизнинг шифохонамизга, минг афсуски, оғир ва ўта оғир беморлар мурожаат қилмоқда. Уларни аксарияти уйда шифокор бўлмаган, ушбу мутахассислик бўйича тажрибаси йўқ кимларнингдир гапига кириб, қолаверса, интернетда эълон қилинган қандайдир дори–дармонлар, антибиотиклар, гормонотерапия қабул қилиб, минг афсус, 5–6-кунида ўта оғир ҳолатда бизга олиб келинмоқда.

Жонлантириш бўлимида биз – мутахассислар даво муолажаларини қилмоқдамиз. Минг афсуски, кўп ҳолатларда оғир ёки ўта оғир беморлар ҳаётини сақлаб қололмаслик ҳолатлари бўлмоқда.

Ҳурматли ватандошлар, агар COVID-19’нинг биринчи белгилари – иситма кўтарилиш, томоқ оғриши, тананинг ҳамма жойида оғриқ сезиш ва йўтал белгилари бўлганда, илтимос сизлардан, ҳудудий поликлиникангизга, мобил бригадаларга, қолаверса, 103 ёки 1003 рақамига мурожаат қилиб, мутахассисларнинг тавсиясини олиб, даво муолажаларини олишингизни илтимос қиламан.

Ўзингизни эҳтиёт қилинг ва яқинларингизни асранг», – дейди Анвар Ҳусанов.

Эслатиб ўтамиз, 18—23 июль кунлари Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш ҳолатлари сони бўйича 2021 йил ҳисобидан ҳар куни кетма-кет антирекордлар қайд этилган эди. Хусусан, 18 июль куни 585 кишида, 19 июль куни 658 кишида, 20 июль куни 698 кишида, 21 июль куни 719 кишида, 22 июль куни 738 кишида ва 23 июль куни 773 кишида касалликка чалиниш ҳолати аниқланган эди.