Марказий банк 2021 йил бўйича Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш бўйича прогнозларини қайта кўриб чиқди. Бу ҳақда регуляторнинг иккинчи чорак бўйича пул-кредит сиёсати бўйича шарҳида сўз боради.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

2021 йил бошида Марказий банк ЯИМ 4,5-5,5 фоизга ошишини кутаётганди, аммо эндиликда прогнозлар 5,8-6,8 фоизни ташкил этмоқда.

Скриншот: Марказий банк

2021 йилнинг II чорагида мамлакатда иқтисодий фаолликнинг жадал тикланиши, ялпи талабнинг кутилганидан кўра тезроқ суръатларда ўсиши давом этган ва аксарият тармоқларда ўсиш кўрсаткичлари пандемиягача бўлган даражага етган. Хусусан, 2021 йилнинг I ярим йиллигида ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,2 фоизга қадар (318,4 триллион сўм) етган.

Иқтисодиётнинг саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўсиш суръатлари 8,5 фоизга — 83,9 триллион сўм, хизматлар 18,3 фоизга — 121,4 триллион сўмга етган. Қурилиш ишлари ҳажми 0,1 фоизгагина (7,1 фоиз эди) — 20,8 триллион сўмга, қишлоқ хўжалиги — 1,8 фоизга (2,8 фоиз эди) — 67,9 триллион сўмга ўсган. Регулятор мазкур кўрсаткичларнинг II ярим йилликда яхшиланишини кутмоқда.

Биринчи ярим йилликда асосий капиталга йўналтирилган марказлашмаган инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга ошган. Тижорат банклари кредитлари, қарз маблағлари ҳамда хорижий кредит линиялари инвестицион талаб ўсишининг асосий драйвери бўлиб хизмат қилган.

Скриншот: Марказий банк

Пандемия билан боғлиқ чеклов чораларининг жорий этилиши ҳисобига 2020 йилнинг I чорагидан бошлаб иқтисодиётда ЯИМнинг манфий тафовути шакллана бошлаган ҳамда II чоракда ўзининг энг чуқур нуқтасига етган эди.

Охирги 4 чоракда иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб ўсишининг босқичма-босқич жадаллашиб бориши ҳисобига ишлаб чиқаришнинг манфий тафовути қисқариб борди. 2021 йилнинг II ярим йиллигида иқтисодий фаолликнинг жорий суръатлари сақланиб қолган шароитда ишлаб чиқариш манфий тафовутининг аста-секин қисқариб бориб, йил сўнгигача ёпилиши прогноз қилинмоқда.

2021 йилда ҳам иқтисодиётни фискал рағбатлантиришнинг давом эттирилиши, 2020 йилнинг IV чораги ва 2021 йил I ярим йиллигида пул-кредит шароитларининг ўзгаришсиз сақланиб қолиши фонида ялпи талабнинг тикланиб бориши, иқтисодиётни эркинлаштириш бўйича амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар натижасида хусусий инвестициялар жалб қилинишининг жадаллашиши иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашда асосий омиллардан бўлади.

Инфляция борасидаги прогнозлар ўша даражада қолмоқда — 9-10 фоиз.

Таъкидлаш жоизки, Марказий банк ўрта муддатли макроиқтисодий прогнозларни амалга оширишда дунёда пандемия ва вакцинация билан боғлиқ вазиятнинг шаклланиши, асосий савдо ҳамкорлардаги иқтисодий шароитлар ва тикланиш даражаси, юзага келиши мумкин бўлган ички ва ташқи хатарлар ҳамда ноаниқликларни ҳам инобатга олишга ҳаракат қилган.

Шу билан бирга, жаҳонда пандемия тўлқинининг навбатдаги кучайиши, коронавирус янги штаммларининг тарқалиши ва бунинг натижасида жойларда маҳаллий чеклов чораларининг кучайтирилиши билан боғлиқ хатар ва ноаниқликлар мавжуд бўлиб, йил якунига қадар иқтисодий фаолликка маълум даражада таъсир кўрсатиши мумкин.

Скриншот: Марказий банк

Аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисодиёти 2021 йилда 4,3 фоизга, 2022 йилда эса 4,5 фоизга ўсишини прогноз қилгани ҳақида хабар берилган эди. Халқаро валюта жамғармаси эса Ўзбекистон иқтисодиёти учун асосий хавфларни маълум қилганди.