«Женоа» ҳужумчиси Элдор Шомуродов ижара асосида «Женоа»дан «Рома»га ўтишга яқин турибди.

Фото: Getty Images

«Матч ТВ» нашрининг хабарига кўра 26 ёшли ўзбекистонлик футболчининг Рим клубидаги йиллик маоши 2 миллион еврони ташкил қилади.

Аввалроқ италиялик таниқли инсайдер Никола Скира Шомуродовнинг трансфер суммаси 16 миллион евро бўлишини ва «Рома» у билан 2026 йилгача мўлжалланган шартнома имзолаши ҳақида хабар берганди. Шунингдек, шартномада генуяликлар футболчининг келгуси трансферидан маълум миқдорда улуш олиши ҳам кўрсатилган.

Шомуродовнинг ижараси римликларга 2,5 миллион еврога тушади. Агар «Рома» келаси мавсумда Чемпионлар Лигасига чиқса, шартномадаги футболчини сотиб олиш банди фаоллашади.

Қайд этиш ўринли, 2020 йилнинг январь ойида Элдорга «Ювентус»дан ҳам қизиқиш бўлганди.

Шомуродов 2020/21 йилги мавсум бошида «Ростов»дан 7,5 миллион евро эвазига «Женоа»га ўтган. У ортда қолган мавсумда А Серияда 31 та ўйин ўтказиб, 8 та гол уришга муваффақ бўлди.