Токио—2020 Олимпиадасининг бокс мусобақаларида яна бир баҳсли ҳолат кузатилди.

Нима бўлди?

-91 кг вазн тоифаси вакиллари Мурод Алиев (Франция) ва Фрэйзер Кларк (Буюк Британия) ўртасида ўтказилган чорак финал беллашувида ғалати ҳолат кузатилди. Боксчилар бир неча бор бош билан тўқнашиб кетди, бунинг натижасида британиялик боксчи қошидан жароҳат олди. Шифокорлар унга жангни давом эттиришга рухсат берди, рефери эса Алиевга огоҳлантириш берди ва ортидан келиб чиқиши россиялик бўлган боксчи дисквалификация қилинди. Шундан кейин Алиев ўзини тутиб тура олмади ва норозилигини ошкорона намойиш қилди. У жанг якунлангандан кейин рингни бир соатга яқин вақт давомида тарк этмади.

Фото: Reuters

Қайд этиш керак, ушбу жанг ғолиби ярим финалда Ўзбекистон вакили Баҳодир Жалоловга қарши рингга чиқиши керак эди. Жалолов финал учун кечадиган баҳсда Буюк Британия вакили билан куч синашади.

Мурод биринчи раундни олган ва ғалабага яқин эди

Бу боксчилар шу вақтга қадар икки бор тўқнаш келган ва ҳар бирида биттадан ғалаба бор эди. Учинчи бор улар Токио Олимпиадаси чорак финалида тўқнаш келди. Шижоат иккисида ҳам кучли эди ва спортчилар бир-бирига бош билан хавфли бора бошлади. Иккинчи раундда Кларкнинг кўзи тепасида ёрилиш юзага келди. Шифокор жангни давом эттиришга рухсат берди.

Бунга қадар рефери бирор марта вазиятга аралашмаганди, бироқ шу вазиятдан кейин бирданига Алиевни жиддий жазолади. Мурод ўзини бошқара олмади: аввалига капани отиб юборди, рефери ва ҳакамларга бақирди, камерага нималардир деб қичқирди, шундан кейин Кларкнинг ёнига борди. Улар суҳбатлашиб олди ва британиялик боксчи бу вазиятда унинг айби йўқлигини айтди, сўнгра улар қўл ташлашди.

Фото: Reuters

Агар Алиевнинг дисквалификацияси фақат бош билан хавфли ҳаракат учун берилган бўлса, у ҳолда бу ҳақиқатда жуда баҳсли масала. Чунки ҳеч қачон битта огоҳлантиришдан кейин боксчи дарҳол четлатилмайди, бунинг устига шифокор жангни давом эттириш мумкинлигини айтганда. Бироқ Мурод огоҳлантириш берилгандан кейин ўз норозилиги номақбул ҳаракатлар билан намойиш қилди, агар дисквалификация шу сабаб қўлланилган бўлса, у ҳолда бу ерда ҳаммаси тўғри.

Фото: Getty Images

Алиев рингда ва унинг атрофида ўтирган ҳолда ўз норозилигини намойиш қилди

Вазият якунлангач Алиев ринг атрофини тарк этмади ва ўтирган ҳолда норозилик акциясини ўтказди. Ярим соатлар ўтиб Алиев ташкилотчилар ҳамроҳлигида аренани тарк этди, бироқ орадан кўп ўтмай қайтди ва ринг четида яна 15 дақиқа ўтирди.

«Менга нисбатан адолатсиз қарор туфайли норозилик билдириш мақсадида ўтирдим. Бу ўйинларга тўрт йил тайёргарлик кўрдим. Бу адолатсизликка қарши чиқишни хоҳладим, шу сабаб бу қарордан норози эканимни намойиш қилиш учун энг яхши йўл эди.

Менинг ҳаракатим? Бу табиий ҳол, чунки мен бу Олимпиадага бутун умр тайёргарлик кўрганман! Реферининг қарори? Жангни менга ҳеч қандай огоҳлантириш бермасдан, шунчаки тўхтатишди. У шунчаки ‘Сен ютқаздинғ, деди. Тасаввур қиляпсизми?», — дея ўз ҳаракатларига изоҳ берди Алиев.

Фото: Reuters

Франциялик боксчининг ғазабини тушуниш мумкин. Унинг рақиби ҳам буни тасдиқлади:

«У менга бош билан атайин зарба берди дейишдан йироқман. Олимпия ўйинларини мана шундай якунлашни истамаганига ишончим комил. Ундан тинчланишни сўрадим ва менда ҳам бундай ҳолатлар аввал бўлганини айтдим.

У ҳакамлар ва расмийларга нисбатан қўпол муомалада бўлиб, ўз фаолиятига путур етказишини хоҳламайман. Чунки улар ўз ишини қилмоқда», — дейди Фрэйзер.

Бу Олимпия ўйинларида кузатилган илк ҳолат эмас. 1988 йилги ўйинларда Жанубий Корея вакили Бюн Чен Ил мағлубиятдан кейин 67 дақиқа ринг марказида ўтирганди.