Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё ҳокими Зоир Мирзаев қабулида бўлган онахон номаълум сабабга кўра қизи томонидан таҳқирлангани тасвирланган видео тарқалди. «Менинг юртим» телеканалининг «Марказий студия» дастури орқали эълон қилинган лавҳада зўравонлик содир этган аёл онасини урмаганини, тарқалган видео монтаж эканлигини таъкидлаган.

Кадр: Telegram

Қайд этилишича, Қарши шаҳридаги 18-сонли ётоқхонада истиқомат қилувчи ногиронлиги бор оиланинг кекса ёшли аъзоси Қарши шаҳар ҳокимлигида туриб, вилоят ҳокими Зоир Мирзаев билан Zoom орқали мулоқот қилган ва оилага икки хонали уй қуриб берилишини сўраган. Интернетда тарқалган видеони суратга олган ва вазиятни изоҳлаган масъулнинг айтишича, қиз онасини вилоят раҳбаридан эплаб пул сўраб ололмагани учун таҳқирлаган.

«Ёрдам сўраб борганида уни бўлар-бўлмас нарсалар билан туҳмат, монтаж, фотошоп қилиб, ижтимоий тармоқларга чиқариб юборишди... Ҳар доим уриб, қийнаб келган деб ёлғондан изоҳ қолдиришяпти, қани менга исботлаб беришсин», — дейди аёл.

Кадр: Telegram

Ётоқхонада яшовчи қўшниларнинг сўзларига кўра, Озода Ҳимматова онасини мунтазам таҳқирлаб келади. Онасининг олдига қаттиқ нон билан сув бериб қўйиб, кўчанинг бошига чиқариб қўйиш ҳолатлари ҳам бўлган.

Қарши шаҳар ҳокимлигининг маълумотларига кўра, 2020—2021 йилларда шаҳар ҳокимлиги ва ҳомийлар тарафидан ушбу оилага 56 миллион 500 минг сўмлик моддий ёрдам, уй-жой қуриш учун 2 сотих ер ва яқинда оиланинг бўйи етиб қолган қизининг тўйи учун озиқ-овқат маҳсулотлари бергани, кекса онахонга эса ногиронлик аравачаси ва гигиена маҳсулотлари етказилган.