Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида жойлашган вилоят наркология диспансерига мастликда гумонланиб, олиб келинган ва бир кундан сўнг шифохонада вафот этган фуқаро спиртли ичимлик таъсиридаги ИИБ ходими томонидан олиб келингани айтилмоқда. Бу ҳақда журналист Дилшод Набиев билан суҳбатлашган шифохона ходими Исроил Норқобилов маълум қилди.

Таъкидланишича, марҳум Нурсоат Муҳаммадиев ўша куни шифохонага уч киши — «Каптарли» МФЙ профилактика инспектори Исомиддин Холматов, «Ширинобод» маҳалласи «участкавой»и катта лейтенант Ҳабиб Пўлатов ва унинг ҳозирча ОАВга сирлилигича қолаётган фуқаро таниши орқали олиб келинган.

«2021 йилнинг 25 июль куни ўша фуқарони уч киши олиб келганди. Уларнинг икки нафари — фуқаро кийимидагилар маст эди. Айнан ўша маст кишилар фуқарони олиб қолишимизни талаб қилди ва бизга дўқ қилди. Кимларгадир қўнғироқ қилишини қўшимча қилиб, олиб қолишимизни билдирди. Ва иккалови ухлаб ётган, карахт аҳволдаги фуқарони кўтариб, ичкарига киритди», — дейди Исроил Норқобилов.

Воқеани ўрганган «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган вилоят наркология диспансери шифокорларидан бири Бекназар Тугалов ҳам фуқаро шифохонага уч киши томонидан олиб келинганини айтганди. Фақат у фуқарони шифохонада олиб қолиш керак деган фикрга келишида ИИБ ходимларининг иштироки йўқлигини билдирганди. Қолган шифокорлар — Отабек Расулов ҳамда Жаҳонгир Сувоновлар фуқаро шифохонага олиб келинганидан бошлаб, токи ўлимига қадар ухлаганини, ортиқча ҳаракат қилмаганини айтган.

2021 йилнинг 2 август куни «Дарё» мухбири билан боғланган марҳумнинг укаси — Олтибой Муҳаммадиев уларни Қарши туман прокуратураси чақирганини, воқеа ҳақида суриштира бошлаганини билдирган.

«Бугун бизни прокуратурага чақиришди ва бор воқеани айтиб беришимизни сўрашди. Шифокор Исроил Норқобилов акамни шифохонага олиб келганларнинг ўзи ҳам маст бўлганини, шу куни акамни мажбурий тарзда олиб қолишларини талаб қилганини айтиб берди. Ўйлайманки, прокуратура ходимлари шифокорнинг бу маълумотига эътибор қаратади ва адолатни тиклайди», — дейди марҳумнинг укаси.

Эслатиб ўтамиз, 25 июль куни Нишон тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспекторлари томонидан чақирувга асосан яшаш уйидан маст ҳолда олиб кетилган ва вилоят наркология диспансерига ётқизилган Нурсоат Муҳаммадиев 26 июль куни вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Марҳумнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Бундан ташқари, Нурсоат Муҳаммадиевнинг вилоят диспансерида вафот этгани ҳодисаси бўйича вилоят соғлиқни сақлаш ва ички ишлар бошқармаларига хизмат текшируви тайинланган.