Шавкат Мирзиёев 3 август куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бизнес вакиллари билан бўлажак очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасидаги ишларга тўхталиб ўтди.

«Бугунги кунга қадар республика штабига тадбиркорлардан 10 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар келиб тушди.

Уларда кўтарилган масалаларнинг 8 мингдан ортиғи ёки 86 фоизи шахсий масалаларга оид бўлиб (кредит ва субсидия ажратиш, бўш биноларни ижарага олиш, инфратузилмага уланиш, солиқ қарздорлиги, хусусий мулк ҳимояси), ҳозирги кунгача уларнинг ярми жойларда ҳал этилди.

Қорақалпоғистонда 41 фоиз, Андижонда 32 фоиз, Бухорода 36 фоиз, Жиззахда 36 фоиз, Қашқадарёда 34 фоиз, Навоийда 33 фоиз, Наманганда 33 фоиз, Самарқандда 32 фоиз, Сурхондарёда 41 фоиз, Сирдарёда 37 фоиз, Тошкентда 32 фоиз, Фарғонада 39 фоиз, Хоразмда 35 фоиз ва Тошкент шаҳрида 21 фоиз мурожаатлар ҳал қилинган.

Шундай бўлса-да, Call-марказларга кунига 1 мингтагача мурожаат келиб тушмоқда. Шу сабабли тадбиркорларни қийнаётган масалалар бўйича қамровни янада кенгайтириш мақсадида мурожаатларни қабул қилиш 10 августга қадар давом этади.

Шунингдек, 31 та вазирлик ва идора раҳбарлари ўринбосарлари ҳокимлар билан бирга мурожаатларни тезкорлик билан ҳал этишга шахсан масъул бўлади. Ҳеч бир мурожаат ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслиги, бош вазир виртуал қабулхонасида электрон рўйхатга олиниши ва назорат қилиниши керак», – деди давлат раҳбари.

Аввалроқ президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти август ойининг бошида бўлиб ўтиши ва шу сабаб таклифлар 31 июлгача қабул қилиниши айтилганди.

Давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов 2 августдаги брифингда Шавкат Мирзиёев ва тадбиркорлар учрашуви нима сабабдан кейинроққа қолдирилганига изоҳ берди.

«Мурожаатларнинг динамикасидан келиб чиққан ҳолда штаб мурожаатларни қабул қилиш муддатини яна бир неча кунга узайтирмоқда. Кеча олган маълумотларимизга кўра, бу муддат 5 августгача чўзиляпти», — деган Асадов.

Бундан аввал бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бўлажак учрашувда тадбиркорларнинг қайси қатлами иштирок этишини маълум қилганди.