Иброҳим Раисий 5 август куни Эрон Мажлиси (парламенти)да мамлакатнинг янги президенти сифатида қасамёд қабул қилди, деб ёзади «ТАСС».

Фото: EPA

Маросим қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти раҳбарлари, шунингдек, юқори мансабли амалдорлар ва ҳарбийлар иштирокида бўлиб ўтди.

Президент ўз зиммасига юкланган барча мажбуриятларни бажариш учун бор имкониятларини ишга солишга қасамёд қилди.

Инаугурация маросимида дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатидан келган 115 га яқин вакиллар қатнашди.

Президент, шунингдек, мамлакат ядро қуролини яратмаслигини маълум қилди. «Эроннинг ядро дастури фақат тинч хусусиятга эга ва олий раҳнамонинг фатвосига мувофиқ, ядро қуроли тақиқланган, Эрон мудофаа стратегиясида эса унга ўрин йўқ», — деди Раисий.

Унинг қўшимча қилишича, Эрон халқига қарши қаратилган санкциялар бекор қилиниши керак. «Ушбу мақсадга етаклайдиган ҳар қандай дипломатик режа биз томонимиздан қўллаб-қувватланади», — деди Эрон президенти.

Эронда президент сайловлари июнь ойида бўлиб ўтди. Эрон Олий суди раиси Иброҳим Раисий 17,9 миллион киши (сайловчиларнинг 62 фоизи)нинг овозини қўлга киритиб, мамлакат президенти этиб сайланди.

Июль охирида Эронда ичимлик суви етишмаслиги туфайли норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Хузистон вилоятидаги норозилик намойишлари туфайли амалдаги президент Ҳасан Руҳоний даврининг сўнгги ҳафталари оғир кечди. Сайланган президент Иброҳим Раисий инаугурациясини кутмасдан мамлакатда тартибни тиклашга киришди.