Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистон олтин-валюта захираси 1 миллиард долларга кўпайиб, 1 август ҳолатига кўра 35,1 миллиард долларни ташкил этди. Июль ойида бу кўрсаткич 34,1 миллиард долларни ташкил этган.

Фото: Reuters

Бунда валютадаги активлар 0,3 миллиард долларга камайиб, 13,2 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, олтин миқдори 1,3 миллиард долларга ошиб, 21,5 миллиард долларга етган.

Захиралардаги олтиннинг соф физик ҳажми 300 минг троя унциясига ёки 9,3 тоннага кўпайган. Август ойининг бошига Ўзбекистон 11,8 миллион троя унцияси ёки қарийб 367 тонна олтин захираларини жамлаган.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари илк бор 35 миллиард доллардан ошганди. Бунга олтин қийматининг кўтарилиши асосий омил сифатида кўрсатилган.

Олтин-валюта захиралари мамлакат учун «ҳимоя ёстиқчаси» ҳисобланади. Ўзбекистоннинг амалдаги захиралари 20 ойлик импортни молиялаштириш учун етарли. Бу ривожланаётган мамлакатлар учун халқаро ташкилотлар томонидан тавсия этилган кўрсаткичдан, яъни уч ойдан анча кўп.