Американинг аэронавтика ва космик макон тадқиқотлари бўйича бошқармаси (NASA) Марс миссиясининг бир йиллик имитация лойиҳасига кўнгиллиларни тўплашни бошлаганини эълон қилди, деб хабар беради IXBT.

Фото: IXBT

Қизил сайёрадаги ҳаётнинг бир йиллик имитацияси 2022 йилнинг кузида бошланиши керак.

Агентлик сайёрадаги реал муҳитга ўхшаш шароитни яратишга, «юқори мотивацияга эга инсонлар» ердаги узоқ муддатли симуляторда қанча вақт бардош беришини ўранишга уринмоқда.

NASA Техасда жойлашган Жонсон номидаги космик марказда Марс юзаси каби ишланган ҳудудда учта бир йиллик миссияни ўтказишни режалаштирган. Бу келажакда инсоннинг Ой ва Марсга амалга оширадиган космик парвозларида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этиш учун технология ва усулларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Ҳар бир миссия таркибидаги тўрт нафар экипаж аъзоси 3D принтерда чоп этилган 160 квадрат метрдаги майдонда жойлашадиган Mars Dune Alpha модулида яшаши керак бўлади. Атроф-муҳит Марсдаги миссиянинг муаммоларини имитация қилади, хусусан, ресурслар чекланади, қурилмалар ишдан чиқиши мумкин, алоқа секинлашади ва стрессга солувчи атроф-муҳитга боғлиқ бошқа омиллар кўриб чиқилади. Экипаж зиммасига очиқ космосга чиқишни моделлаштириш, илмий тадқиқотлар, виртуал реалликдан фойдаланиш ва роботларни бошқариш, шунингдек, хабарлар алмашинуви юкланади.

NASA ҳозирда кўнгиллиларнинг аризаларини кутмоқда. Талаблар — АҚШ фуқаролиги, соғлом бўлиш, ёши 30-55 дан ошмаслиги, чекиш каби зарарли одатлари бўлмаслиги, учувчилик бўйича тажрибага ва табиий фанлар, муҳандислик ёки математика бўйича магистр даражасига эга бўлиш.

Эслатиб ўтамиз, 20 июль куни миллиардер Жефф Безос коинотда бўлиб қайтди. Бортида Безос ва яна уч нафар одам бўлган New Shepard ҳаво кемаси космосга чиқиб муваффақиятли қўнишни амалга оширди. New Shepard капсуласи космодромдан учгач, тахминан 350 минг фунт масофани босиб ўтди, Ер атмосферасини фазодан ажратиб турувчи Кармана чизиғидан (Ердан 100 километр узоқликда) ўзган ҳолда коинотга чиқди. Парвоз тахминан 11 дақиқа давом этган.