SpaceX ва Tesla асосчиси Илон Маск АҚШ Аэронавтика ва космик фазони тадқиқ қилиш миллий бошқармаси (NASA)га скафандрлар ишлаб чиқаришда ёрдам беришни таклиф қилди, деб ёзади Daily Mail.

Фото: NASA

NASA бош инспектори Пол Мартиннинг ҳисоботида айтилишича, космик агентлик катта қийинчиликларга дуч келмоқда. Хусусан, пандемия ва техник муаммолар, молиявий таъминотни 209 миллион доллардан 150 миллион долларгача қисқартириш оқибатида хEMU (Exploration Extravehicular Mobility Unit — «Очиқ космосдаги тадқиқотларнинг мобил тизими») биринчи иккита скафандрни тайёрлаш муддатини кечиктирмоқда. Маълум бўлишича, кечикиш вақти 20 ойга етган. Энди агентликка скафандрлар 2025 йилнинг апрелидан кейингина етказиб берилиши мумкин.

CNBC телеканали журналисти Майкл Шитз Twitter’да NASAнинг ҳисоботидан парчаларни эълон қилди. Бу хабарга жавобан Маск «Зарур бўлса, SpaceX скафандрлар тайёрлаб бериши мумкин» — деб ёзган.

Ҳужжатнинг яна бир иқтибосида айтилишича, энди NASA космик костюмларининг кейинги авлоди учун технологиялар бирйўла 27 хусусий компания томонидан таъминланади.

Бунга жавобан Маск «ошхонада ошпазлар жуда кўпга ўхшайди» деб ҳазил қилган.

Таъкидланишича, Маск аллақачон скафандр ишлаб чиқариш тажрибасига эга: SpaceX бош директори Драгон экипажининг миссияларида фойдаланилган оқ скафандрлар устида шахсан ишлаган.

Маскнинг айтишича, унга ва костюм дизайнери Хосе Фернандесга Dragon Crew экипажининг скафандрларини ишлаб чиқариш учун уч йил керак бўлган. Скафандрлар Калифорниянинг Хоторн шаҳрида SpaceX ракеталарини сақлайдиган заводда ишлаб чиқарилган.