YouTube’даги Kidd in a Sweet Shop каналида McLaren пойга жамоасининг раҳбари Зак Браун фотомодель Жоди Киддга ўзининг шахсий спорткарлар коллекциясини намойиш этгани тасвирланган видео пайдо бўлди. Британия жамоаси раҳбарининг коллекциясидан бир неча «Формула-1» болидлари, шунингдек, бошқа пойга серияларидаги машиналар ўрин олган. Ҳар бир автомобилда қачонлардир жаҳон чемпионлари ҳаракатланган, деб хабар беради Motor.

Кадр: YouTube

Зак Брауннинг коллекциясидан 1978 йилда америкалик автопойгачи Марио Андретти «Формула-1» чемпионига айланган Lotus 79 модели ўрин олган. Шунингдек, британияликнинг гаражида 1991 йилда Айртон Сенна «Қироллик пойгаси» ғолибига айланган McLaren MP4/6, шунингдек, 2001 йилда Мика Хаккинен Буюк Британиядаги Гран-прини ютган McLaren MP4-6 мавжуд. Ушбу моделлар коллекцияда тасодифан пайдо бўлмаган. Брауннинг сўзларига кўра, ушбу автомобилларни унинг уч нафар энг яхши кўрган пойгачиси бошқарган.

Зак Брауннинг коллекциясидан «Формула-1» болитларидан ташқари бошқа пойга серияларида ғолибликни қўлга киритганларнинг бир неча автомобиллари ҳам ўрин олган. Масалан, британияликнинг жамланмасида Can-Am пойгаларида финишга биринчи бўлиб етиб келган Porsche 962 ва McLaren M8D нинг прототиплари бор. Бундан ташқари, Браун бразилиялик спортчи Эмерсон Фиттипальди 1988 йилги Indy 500 пойгаларида биринчиликни қўлга киритган спорткарга ҳам эгалик қилади.

Коллекциядаги деярли барча спорткарлар тўлиқ реставрациядан ўтган. Фақатгина 1977 йилда Монако Гран-присида ғолибликни қўлга киритган Walter Wolf Racing жамоасининг болиди бундан истисно. Транспорт воситаси ўша вақтда трассани тарк этган ҳолатда сақланмоқда.

Аввалроқ Кипрда Mazda RX’нинг энг катта хусусий коллекцияси реставрацияга муҳтож ҳолда топилгани, Калифорнияда ноёб Porsche’лар билан тўла ҳашаматли гаражга эга уй сотувга қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.