Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ва 24 та ҳарбий вертолёти 14—15 август кунлари Ўзбекистон ҳаво ҳудуди чегарасидан ноқонуний ўтган. Бош прокуратура матбуот хизматидан маълум қилишларича, барча учоқлар Термиз халқаро аэропортига мажбурий қўндирилган, уларнинг бортида жами 585 нафар афғонистонлик қуролланган ҳарбий хизматчилар бўлган.

15 август куни Афғонистоннинг учта Embraer-314 ҳарбий самолёти Қашқадарёдаги «Хонобод» аэродромига қўниш учун рухсат сўраган, бироқ уларга Термиз аэропортига қўниш ҳақида огоҳлантириш берилган ҳамда Ўзбекистоннинг иккита МиГ-29 қирувчи самолёти томонидан кузатувга олинган.

Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларининг Embraer EMB 314 Super Tucano штурмчи самолёти.

Фото: Wikipedia

«Лекин кузатув давомида Embraer-314 ва МиГ-29 самолётлари тўқнашиб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудига қулаган. Ушбу самолётлар учувчилари парашют (катапульт) орқали ерга тушган», — дейилади Бош прокуратура ахборотида. Бош прокуратура ахборотида учувчилар аҳволи ҳақида маълумот берилмаган.

Ўзбекистон ҳарбий-ҳаво кучларининг МиГ-29 қирувчи самолёти.

Фото: Сергей Конков / «RussianPlanes.net»

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев томонидан Жиноят кодексининг 223-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Қайд этишларича, ҳозирда Бош прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Сурхондарё вилоятида Афғонистоннинг ҳарбий самолёти қулаганини тасдиқлаб, «Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринишнинг олди олингани»ни маълум қилган эди.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ушбу ҳодиса оқибатида афғонистонлик икки учувчи Термиздаги касалхонага ётқизилган; «Gazeta.uz» манбасининг маълум қилишича, ўзбекистонлик ҳарбий хизматчининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.

Бундан ташқари, 16 август куни ижтимоий тармоқларда Сурхондарёдаги пахта даласига қўнган икки афғон вертолёти видеоси ҳам пайдо бўлган эди.