Forbes’нинг маълум қилишича, Риз Уизерспун дунёдаги энг бадавлат актриса бўлган. Ушбу мақомга у кўп миллионли шартномалар боис эмас, продюсерлик фаолияти туфайли эришган. Рўйхатда етакчилик қилишга катта гонорар ва блокбастерларда суратга тушиш сабаб бўлмаган.

Фото: Glamour

Актриса «Катта, кичик ёлғон» (Big little lies), «Ҳамма ерда ёнғин» (Little fires everywhere) ва «Тонгги шоу» (The Morning Show) сингари машҳур сериалларни тақдим қилган Hello Sunshine компаниясини 900 миллион долларга сотган. Ушбу келишувдан кейин Ризнинг молиявий аҳволи 400 миллион долларга баҳоланмоқда. Актрисанинг компаниясини собиқ Disney раҳбарлари Кевин Майер ва Том Стаггслар бошқарадиган медиакорхона сотиб олган.

Фото: Glamour

Шунга қарамай, Риз ва Hello Sunshine’нинг ижрочи директори Сара Харден директорлар кенгашига киради ҳамда компанияни бошқаришда давом этади. Лойиҳани Blackstone инвестицион корпорацияси молиялаштиради.

Риз Hello Sunshine компаниясига 2016 йилда асос солган. У воқеа марказида аёл қаҳрамонлар ва уларнинг тажрибаси бўладиган фильм ҳамда сериаллар тақдим қилишни истаган. Бу қилган қарори дарҳақиқат тўғри бўлиб чиққан. Компаниянинг лойиҳалари катта фойда келтирган ва актрисанинг бизнес борасида муваффақиятга эришишига сабаб бўлган. Голливуддаги инсайдерларнинг айтишича, Риз сериалнинг ўзи суратга тушган ҳар бир эпизоди учун 1 миллион доллар олади. Актриса, шунингдек, катта миқдордаги гонорар эвазига рекламада фаол суратга тушади.

Фото: Glamour

Forbes томонидан тузилган рўйхатга кўра, Жейми Герс дунёдаги энг бадавлат актриса деб топилган. Исми ва кинодаги фаолияти билан машҳур бўлмаган аёл миллиардер Энтони Ресслернинг рафиқаси экани билан кўпроқ маълум. У 3 миллиардга баҳоланадиган молиявий аҳволига турмуш ўртоғи сабаб эришган.

Фото: Glamour

Молиявий аҳволи 500 миллион долларга баҳоланадиган опа-сингил Мери-Кейт ва Эшли Ольсенлар рейтингда иккинчи ўринни эгаллаган. Кинода суратга тушмай қўйганига анча бўлган Ольсенлар айни вақтда дизайнерлик билан шуғулланади. Улар The Row номли кийим брендига эгалик қилади.

Фото: Glamour

Опа-сингиллардан кейин рўйхатда Риз, ундан сўнг эса молиявий аҳволи 350 миллион долларга баҳоланадиган Жессика Альба келади. Охирга вақтда фильмларда кам суратга тушаётган Альба Honest Beauty косметик брендига асос солган.

Фото: Glamour

Фото: Glamour

2021 йилнинг энг бадавлат актрисалари рейтингидан, шунингдек, Жулия Робертс (250 миллион доллар), Женнифер Энистон (240 миллион доллар), Сандра Буллок (220 миллион доллар), Жейн Фонда (200 миллион доллар) ва Майли Сайрус (160 миллион доллар) ҳам ўрин олган.