15 август куни кечқурун Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида Афғонистон фарқлаш белгилари бўлган самолёт қулаб тушгани ҳақида хабар берилган эди. «РИА Новости»нинг ёзишича, ушбу самолёт учувчилари Термиздаги шифохонада даволанмоқда.

«Ўзбекистон жанубидаги Сурхондарё вилоятида уриб туширилган афғон ҳарбий ҳаво кучлари қарашли самолётнинг икки учувчиси ҳамон Термиздаги жонлантириш бўлимида қолмоқда, уларнинг аҳволи оғир», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, иккала учувчига ҳам орқа мия сиқилиши ташхиси қўйилган.

Аввалроқ Сурхондарё вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси вакили «Дарё» мухбири билан суҳбатда Шерободга Афғонистон самолёти қулаганини қисман тасдиқлаганди. «Кўзим билан кўрганим йўқ, аммо самолёт бор дейишди», — дейди бошқарма вакили.

Кейинроқ Бош прокуратура Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ва 24 та ҳарбий вертолёти 14—15 август кунлари Ўзбекистон ҳаво ҳудуди чегарасидан ноқонуний ўтганини маълум қилди. Идоранинг таъкидлашича, барча учоқлар Термиз халқаро аэропортига мажбурий қўндирилган, уларнинг бортида жами 585 нафар афғонистонлик қуролланган ҳарбий хизматчилар бўлган.

15 август куни Афғонистоннинг учта Embraer-314 ҳарбий самолёти Қашқадарёдаги «Хонобод» аэродромига қўниш учун рухсат сўраган, бироқ уларга Термиз аэропортига қўниш ҳақида огоҳлантириш берилган ҳамда Ўзбекистоннинг иккита МиГ-29 қирувчи самолёти томонидан кузатувга олинган.

«Лекин кузатув давомида Embraer-314 ва МиГ-29 самолётлари тўқнашиб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудига қулаган. Ушбу самолётлар учувчилари парашют (катапульт) орқали ерга тушган», — дейилади Бош прокуратура ахборотида. Бош прокуратура ахборотида учувчилар аҳволи ҳақида маълумот берилмаган. Орадан кўп ўтмай Бош прокуратура ўзи тарқатган мазкур расмий ахборотга раддия бериб чиқди.