«Тошкент-3» аэропорти 19 августдан бошлаб вақтича ёпилади, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airways.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Хабарга кўра, 2021 йил 19 августдан бошлаб маҳаллий авиақатновларни амалга оширувчи «Тошкент-3» аэропорти техник сабабларга кўра номаълум муддатга ёпилади.

«Барча республика бўйлаб амалга оширилувчи авиапарвозлар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан жадвалга мувофиқ бажарилади», – дейилади хабарда.

Транспорт вазирлигининг аниқлик киритишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия президенти Франк-Валтер Штайнмаер ўртасида бўлиб ўтган телефон суҳбати давомида Германия, Афғонистон ва Европа Иттифоқи давлатлари фуқароларини Тошкент аэропорти орқали транзит қилиб эвакуация қилиш ишларини давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.

Белгиланган фуқароларнинг эвакуация қилинишини таъминлаш учун Ўзбекистон томони алоҳида терминал ажратди. Шу муносабат билан ички ва халқаро рейсларнинг келиш/кетиш жадвалига вақтинчалик ўзгаришлар киритилиши мумкин.

Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили ахборотига кўра, эвакуация қилинганларнинг барчаси Германияга кетгунга қадар аэропорт транзит ҳудудида бўлади.

Маълумот учун, 17 август куни Германия Қуролли Кучларининг (Бундесвер) иккинчи эвакуация самолёти 125 нафар йўловчи билан Афғонистондан Тошкентга учиб келган. Самолёт Кобулдан ҳавога кўтарилиши билан Германия Мудофаа вазирлиги Twitter’даги саҳифасига Airbus А400М Кобулдан Тошкентга қайтаётгани ҳақида хабар қилган.

Хабарда, бортда Германия фуқаролари, маҳаллий афғон ходимлари ҳамда «ҳимояга муҳтож бошқа шахслар» борлиги таъкидланган. «Авиаташувлар бошланди ва бу хавфсизлик билан боғлиқ вазият тақозо этгунига қадар давом этади», — деб ёзади Германия ташқи ишлар вазири Хайко Мас.

Германия ҳукумати Афғонистондан одамларни эвакуация қилиш операцияси узлуксиз давом этиши учун барча имкониятларни ишга солмоқчи. Бундесвер 17 августда Кобулдан Тошкентга яна иккита эвакуация рейсини режалаштирган, дейди Хейко Мас. Унинг сўзларига кўра, иккита Airbus А400М самолётидан ташқари, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг машиналари ҳам жалб қилинади.

AviaNews’нинг ёзишича, Тошкентга қўнган йўловчилар кейинроқ Lufthansa авиакомпанияси самолётларига ўтириб, Германияга етказилади. Биринчи самолёт Тошкентдан Франкфурт Майнга 18 август куни кечқурун учиши режалаштирилган. Германия ҳукумати билан келишув асосида Lufthansa Кобулдан Қатар пойтахти Доҳага ҳам парвозларни амалга оширади. Кейинги кунларга ҳам бир нечта эвакуация рейсларини амалга ошириш белгиланган, бироқ уларнинг аниқ сони ҳозирча маълум эмас.

Бундан аввал Uzbekistan Airways самолётлари Афғонистон ҳаво ҳудудини четлаб учишни бошлагани ҳақида хабар берилганди.