Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари қайта ишга тушгач, мазкур йўналиш бўйича қатнаётган автомобиллар сони ортди, деб хабар беради Спутник.

Кадр: Telegram

«Товарларни ташиётган юк машиналаридан ташқари, бу ерда Афғонистонда яшаш ҳуқуқига эга сариқ рақамли машиналар ҳам ҳаракатланмоқда. Шунингдек, таксиларга бўлган талаб ҳам ортган», — дейилади хабарда.

Нашр мухбири назорат-ўтказиш пунктидан чиқаётган махсус техникаларни ҳам кўргани айтилмоқда. «Бундан чегарада юзага келган тирбандликни бартараф этишда фойдаланилган бўлиши мумкин», — дея қайд этилади хабарда.

Аввалроқ ўзбек—афғон чегарасига ташлаб кетилган автомобиллар тирбандликларни юзага келтирган ва уларни олиб ташлаш бўйича ишлар олиб борилаётгани маълум бўлганди.

«РИА Новости» манбасининг таъкидлашича, «Толибон» вакиллари Ҳайратон кўпригининг Амударёни қарама-қарши қирғоғида бўлган қисмида нормал ҳаёт тарзини қайта тиклашга киришган. Таъкидланишича, ҳозирда чегара Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқига эга афғонлар учун очиқ. Ўзбекистонликлар ўз ватанига ҳеч қандай тўсиқларсиз қайтиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 15 август куни «Толибон» Афғонистоннинг бутун ҳудудини ўз назорати остига олганини эълон қилди. 16 август куни Афғонистон фуқаро авиацияси авиакомпанияларга мамлакат ҳаво ҳудудини айланиб ўтишни тавсия этди. Шу куниёқ United Airlines, British Airways ва Virgin Atlantic авиакомпаниялари Афғонистон ҳаво ҳудудидан фойдаланишни тўхтатди. 17 август куни улар қаторига Air France-KLM, Lufthansa, Qatar Airways, Singapore Airlines, China Airlines ва бошқа авиакомпаниялар қўшилди.