Starlink сунъий йўлдош интернет-лойиҳасига эгалик қилувчи SpaceX космик компанияси раҳбари Илон Маск 100 минг абонент қурилма жамланмаси сотилганини эълон қилди, деб хабар беради IXBT.

Фото: IXBT

Маълумотларга кўра, Starlink сервисидан ҳозирда 100 минг уй хўжалиги фойдаланмоқда — фойдаланувчилар сони бундан ҳам кўп. Июнь охирида Starlink фойдаланувчилари 90 минг уй хўжалигини ташкил этганди.

Шунингдек, Маскнинг ёзишича, Starlink’дан ҳозирда дунёнинг 14 мамлакатида фойдаланиш мумкин: АҚШ, Канада, Буюк Британия, Германия, Франция, Австрия, Нидерландия, Ирландия, Бельгия, Швейцария, Дания, Португалия, Австралия ва Янги Зеландия.

2021 йилнинг мартида АҚШнинг Алоқа бўйича федерал комиссияси (FCC) SpaceX’га америкалик фойдаланувчилар учун Starlink’нинг 1 миллион абонент қурилма жамланмасини тақдим этишга рухсат берганди. Бироқ кейинроқ SpaceX регуляторга ушбу сонни беш баробар оширишни илтимос қилиб чиққан, бунга мазкур хизматга бўлган талабнинг юқорилиги сабаб қилиб кўрсатилган.

Маълумот учун, 2020 йил декабрида SpaceX Starlink лойиҳаси доирасида олис ва қишлоқ жойлар аҳолисини сунъий йўлдош интернет билан таъминлаш учун АҚШ ҳукуматидан 885,5 миллион доллар субсидияни қўлга киритди. Компания ушбу маблағни ўн йил давомида қабул қилади. Бундан ташқари, АҚШ ҳукумати SpaceX’га 35 та штатда 642 925 та нуқтада интернет тарқатиш хизматларини тақдим этиш учун қўшимча маблағ ҳам ажратади.

SpaceX келажакда Ер аҳолисини сайёранинг исталган нуқтасида кенг полосали интернет билан таъминлаш имконини берувчи тўлиқ кўламли тармоқ яратиш учун 12 мингта (кейинчалик 30 мингта) космик қурилмадан иборат орбитал гуруҳни шакллантиришни режалаштирмоқда.