Футболдаги ижодкорлик нафақат футболчилар ва мураббийларга, балки ўйинчиларга ўзига хос лақабларни ўйлаб топиш имкониятини қўлдан бой бермайдиган мухлисларга ҳам хосдир. Қуйида мухлислар томонидан футболчиларга берилган ғаройиб ва ўзига хос лақаблар ҳақида фикр юритамиз.

Роналдо — «сўйлоқ». Бразилиялик ҳужумчини мухлислар тишларининг ўзига хос тузилиши сабаб эркалаш оҳангида шундай атаган.

Фото: Getty Images

Роналдиньо — «сеҳргар». Кичик Роналдо, яъни Роналдиньо ўзининг ақл бовар қилмас ҳаракатлари орқали «сеҳргар» номини олган.

Фото: Getty Images

Франческо Тотти — «Рим императори». Тотти ҳақида гап кетганда исталган футбол мухлиси биринчи навбатда «Рома» ва кўҳна Римни эслайди. Франческо эса бутун фаолиятини ушбу клуб ва шаҳарда ўтказган.

Фото: Getty Images

Криштиану Роналду — «машина». Португалиялик даҳо ўзининг профессионаллиги ва барқарорлиги билан ушбу эътирофга лойиқ кўрилган. Шунингдек, «Спортинг»да ўйнаган кезлари уни «йиғлоқи» деб ҳам аташган. Ўшанда Роналду жамоасининг ҳар бир мағлубиятини оғир қабул қиларди ва кўз ёшларини беркитиб ўтирмасди.

Фото: «Ювентус»

Тони Кросс — «профессор». Совуққонлик борасида замонавий футболда Кроссга тенг келадиган ўйинчи бўлмаса керак. Германиялик узатмаларни шу қадар аниқ амалга оширадики, гўё у ҳаммасини олдиндан ҳисоблаб чиққандек.

Фото: Twitter

Пепе — «телба». Зийрак футбол мухлислари биладики, Пепе ҳеч қачон қўпол ўйнашдан уялмаган, ва аксинча у буни завқ билан амалга оширади.

Фото: Marca

Месси — «бурга». Аслида Мессига нима сабабдан ушбу лақаб берилганига ортиқча изоҳ бериш шарт эмас. Шунга қарамай яна бир бор эслатиб ўтиш зарар қилмайди: тўп билан ҳаракатланаётган вақтда Леони ушлаб бўлмайди.

Фото: Getty Images

Карлес Пуйоль — «Тарзан». «Барселона»нинг афсонавий ҳимоячиси соч турмаги ва ҳаракатлари асар қаҳрамонидан фарқ қилмасди.

Фото: Marca

Женнаро Гаттузо — «питбул». Гаттузо майдон марказида шу қадар жон-жаҳди билан ўйнардики, уни алдаб ўтиш деярли имконсиз эди.

Фото: Goal

Филипп Лам — «меҳнаткаш чумоли». Фаолияти давомида умуман қизил карточка олмаган Лам майдонда тинимсиз югурарди, ҳатто тўп майдондан чиқиб кетган вақтда ҳам.

Фото: Twitter

Франк Рибери — «чандиқли киши». Рибери икки ёшида оиласи билан бирга автоҳалокатга учрайди ва тўқнашув оқибатида юзига чандиқ тушади. Кейинчалик унга пластик жарроҳлик амалиёти ўтказишни таклиф қилинади. Бироқ Рибери чандиқ унга куч бағишлашини айтиб, бундан бош тортган.

Фото: Getty Images

Уэйн Руни — «Шрек». Англия футболи афсонаси ўзига берилган лақабдан хурсанд бўлмаслиги аниқ.

Фото: Getty Images

Хавьер Эрнандес — «Чичарито». Эрнандеснинг отасининг лақаби «Чичаро», яъни нўхат бўлган. Шунинг учун футболчига болалигида «Чичарито» («нўхат болакай») номи берилади.

Фото: Twitter

Хавьер Занетти — «трактор». Аргентиналик ҳимоячи ҳар доим майдонда ўзининг энг кучли сифатларини намоён этган: чидамлилик, куч ва энг оғир меҳнатларни қилувчи.

Фото: Twitter

Мезут Ўзил — «Немо». Ўз вақтида майдондаги нафис ҳаракатлар ва ассистлар қироли бўлган Ўзилнинг мультфильм қаҳрамонига ўхшаши кўпгина ҳазилларга сабаб бўлади.

Фото: Google Images

Эдинсон Кавани — «Эл-Матадор». Каванига эса жисмоний имкониятлари ва ўзини тутиши сабаб «буқалар овчиси» лақаби берилган.

Фото: Twitter

Оливер Канн — «Горилла». Германиялик афсонавий дарвозабон майдонда на рақибларини ва на жамоадошларини аяган. Унинг ташқи кўриниши эса ҳатто ҳужумчиларни ҳам чўчитган дейиш мумкин.

Фото: Twitter