SpaceX компаниясига тегишли юк ташишга мўлжалланган Cargo Dragon космик кемаси Халқаро космик станцияга (ХКС) муваффақиятли учирилди. Парвоз Флорида штатидаги Канаверал бурнидаги космодромдан Falcon 9 ракета-ташувчиси ёрдамида амалга оширилган. Бу ҳақда NASA’га таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: Twitter / NASA

Стартдан 12 дақиқа ўтиб, ҳаво экмаси ташувчининг биринчи бўғинидан ажралган ва мустақил парвозни бошлаган. Шундан сўнг Cargo Dragon Ер орбитасига чиқиб, ХКС томон учишни бошлаган. Режага кўра, станцияга уланиш 30 август куни содир бўлади.

Ўз навбатида SpaceX компаниясининг маълум қилишича, кўп марталик Falcon 9 ракета-ташувчиси стартдан 7 дақиқа 38 сония ўтгач, Атлантика океанидаги сузувчи платформага вертикал қўнишни муваффақиятли амалга оширган. Кўп мартали ракета бўғинидан тўртинчи марта фойдаланилмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳисоб бўйича бу Cargo Dragon’нинг ХКСга 23-парвози бўлиб, у NASA ва Илон Маскнинг SpaceX компаниялари шартномаси асосида амалга ошириляпти.

Таъкидланишича, космик юк кемаси станцияга 3,3 тонна озиқ-овқат, шунингдек, илмий тажрибалар учун қурилма ва материалларни етказиб беради. Кеманинг модификация қилинган варианти ХКСъга учинчи парвозини амалга ошираётган бўлиб, унга 20 фоиз кўпроқ юк сиғади ва автоном режимда станцияга уланишга қодир.

Аввалроқ NASA ноқулай об-ҳаво шароити сабаб Falcon 9 ракетасининг парвозини кечиктиргани тўғрисида хабар берилганди.