2020 йилнинг охири ва 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида SpaceX Starlink учар аппаратларини учиришни оширди — айнан улар Илон Маскнинг сунъий йўлдош интернетни таъминлайди. Бироқ Starlink’лар парвози тўхтаб қолди ва ҳозирда бунга нима сабаб бўлганига ойдинлик киритилди, деб хабар беради IXBT.

Фото: IXBT

Маълум қилинишича, барчасига Starship космик кемасининг синовлари сабаб бўлган. Афтидан, Starlink лойиҳасида ишлаган мутахассислар Starship лойиҳасига ўтиб кетган. 7 август куни SpaceX мутахассислари биринчи бор Starship’ни яхлит ҳолатга келтирган. Таъкидланишича, бу инсоният тарихидаги энг катта ракета ҳисобланади. Табиийки, буни тайёрлашга кўп вақт кетган ва шу сабабли янги Starlink сунъий йўлдошлари парвозини кечиктиришга тўғри келган. Аммо узоқ вақтга эмас: янги Starlink учиш аппаратлари сентябрь бошида орбитага учирилади.

Америка регулятори 21 та Starlink миссияси училишини маъқуллаган. Falcon 9 бир марталик парвозида орбитага 60 та сунъий йўлдош олиб чиқиши инобатга олинса, сентябрь ойидан 2022 йилнинг мартига қадар SpaceX орбитага 1260 та сунъий йўлдош олиб чиқади. Айни вақтда Starlink тизимининг 1740 та сунъий йўлдоши ишламоқда.

Маълумот учун, 2020 йил декабрида SpaceX Starlink лойиҳаси доирасида олис ва қишлоқ жойлар аҳолисини сунъий йўлдош интернет билан таъминлаш учун АҚШ ҳукуматидан 885,5 миллион доллар субсидияни қўлга киритди. Компания ушбу маблағни ўн йил давомида қабул қилади. Бундан ташқари, АҚШ ҳукумати SpaceX’га 35 та штатда 642 925 та нуқтада интернет тарқатиш хизматларини тақдим этиш учун қўшимча маблағ ҳам ажратади.

SpaceX келажакда Ер аҳолисини сайёранинг исталган нуқтасида кенг полосали интернет билан таъминлаш имконини берувчи тўлиқ кўламли тармоқ яратиш учун 12 мингта (кейинчалик 30 мингта) космик қурилмадан иборат орбитал гуруҳни шакллантиришни режалаштирмоқда.

Аввалроқ Илон Маскнинг сунъий йўлдош интернетидан ҳозирда 100 мингдан ортиқ киши фойдаланаётгани маълум бўлганди.