Tesla Cybertruck’ни йиғиш жараёнларининг бошланиш санаси мунтазам ўзгармоқда: сўнгги маълумотларга кўра, электропикап 2022 йилнинг бошида конвеердан чиқади. Tesla модель ишлаб чиқаришни ортга сураётган бир вақтда бутун дунё бўйлаб Cybertruck’нинг турли материаллардан ишланган нусхалари пайдо бўляпти. Шу ҳафта пикапнинг фанердан (юпқа ёғоч қатлами) ишланган нусхасининг суратлари тарқалди, деб хабар беради Motor.

Фото: Reddit

Автомобиль Plybertruck номини олган, plywood — фанер дегани. Машина оригинал Cybertruck ками қиррали чиққан, бироқ у қадар тартибли эмас: унинг йиққан аризоналик уста панелларни бир-бирига аниқ ёпиштира олмаган. Умуман олганда, бунинг аҳамияти йўқ, чунки автомобиль Gambler 500 раллиси — нархи 500 доллардан ошмайдиган қўлбола йўлтанламаслар мусобақаси учун йиғилган. Шу билан бирга, иштирокчилар машинани ўзлари истагандек жиҳозлаши мумкин.

Фото: Reddit

Фото: Reddit

Plybertruck оригинал моделнинг фақатгина ташқи кўринишини кўчирган: машина электромотор эмас, ички ёнув двигатели ёрдамида ҳаракатга келади. Фанер қатлами остида биринчи генерацияли Аcurа МDХ ўрин олган. Бундан ташқари, бу ҳатто пикап ҳам эмас: Plybertruck’нинг кузов платформаси йўқ, орқа қисми мих билан қотирилган фанер конструкция.

Фото: Reddit

Фото: Reddit

Аввалроқ Россияда таг қисми ва ойнаси бўлмаган Tesla Cybertruck синовдан ўтказилгани, америкалик блогер Tesla Cybertruck чиндан ҳам ўқ ўтказмаслигини синаб кўргани тўғрисида хабар берилганди.