Ўзбекистон ҳукумати АҚШни юқори малакали афғон учувчиларини уларнинг оиласи билан мамлакатдан чиқариб юбориши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда 30 август куни The Wall Street Journal газетаси расмийларга таяниб, хабар берди. Нашр буни «Толибон» ҳаракатининг талаби билан боғламоқда, деб ёзади «Gazeta.uz».

Фото: U.S. Air Force photo / Staff Sgt. Larry E. Reid Jr.

Гап бундан икки ҳафта олдин Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли вертолёт ва самолётларда Ўзбекистонга қочиб ўтган афғон учувчилари ҳақида кетмоқда. 16 август куни Ўзбекистон Бош прокуратураси (кейинроқ охирига қадар текширилмагани маълум қилинган) мамлакат ҳаво маконини ичида 585 нафар афғон ҳарбий хизматчиси бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт кесиб ўтгани тўғрисида хабар берилганди. Кузатув давомида Embraer-314 ва МиГ-29 самолётлари тўқнашиб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудига қулаган.

WSJ’нинг ёзишича, Ўзбекистон «Толибон» билан «кескин муносабатлардан қочиш» мақсадида АҚШдан учувчиларни учинчи мамлакатга кўчириш бўйича тезкор чоралар кўришни сўраган.

Таъкидланишича, учувчиларни ўқитиш ва афғон ҳарбий-ҳаво кучларини яратиш бўйича Америка дастури Афғонистон қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш борасидаги энг муваффақиятли дастурлардан бири ҳисобланади. АҚШ ушбу дастурга миллиардлаб доллар сарфлаган.

Нашрнинг ёзишича, Ўзбекистонга қочган афғон ҳарбийлари «‘Толибон’нинг энг ашаддий душманларидан бири’ ҳисобланади, чунки улар ўнлаб йиллар давом этган тўқнашувларда кўплаб қурбонлар олиб келган.

Шунингдек, «Толибон» ҳаракати Ўзбекистондан ҳаво кемаларини Афғонистонга қайтаришга чақирган. АҚШ Вакиллар палатасининг хорижий ишлар бўйича қўмитаси аъзоси ва собиқ ҳарбий учувчи Август Пфюгер АҚШ давлат котиби Энтони Блинкендан учувчиларга ёрдам беришни сўраган.

«Энг ёмон ҳолатда улар Афғонистонга қайтарилади ва ўлдирилади, аммо уларни ноаниқ тақдир кутмоқда деб айтган бўлардим», — дейди конгрессмен.

АҚШ Давлат департаменти мазкур ҳолатга муносабат билдирган: «Уларнинг узоқ муддатли хавфсизлигини таъминлаш борасида мавжуд барча имкониятларни ишга солган вақтимизда Ўзбекистон ҳукумати афғонларни қабул қилишни давом этаётгани сабаб миннатдорчилик билдирамиз».

Август Пфлюгернинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов ўтган ҳафта унга учувчилар «уйига кетишга мажбур эмаслиги, бироқ бу ерда ҳам қола олмаслиги» тўғрисида айтган.

Аввалроқ Германия Афғонистондан эвакуация қилинган 2 мингдан ортиқ кишини Тошкент орқали олиб чиққани, Ўзбекистон афғон қочқинларини қабул қилиб, Сурхондарёдаги чодирли шаҳарчага жойлаштиргани ҳамда афғонлар Ўзбекистон чегарасини қонуний равишда кесиб ўтишнинг айёрона йўлини топгани тўғрисида хабар берилганди.