Perseverance марсоходи ўз миссияси доирасида биринчи марта Марс юзасидан тупроқ намунасини олди. Бу ҳақда NASA (АҚШ аэронавтика ва космик маконни тадқиқ қилиш миллий бошқармаси) хабар бермоқда, деб ёзади «Интерфакс».

Perseverance марсоходи

Фото: Global Look Press

«1 сентябрь куни Perseverance марсоходидан олинган маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, мутахассислар Марсдан муваффақиятли тарзда тупроқ намунасини олишга муваффақ бўлди. Ерга узатилган илк тасвирлар намуна олинганидан кейин захирага жойлаштирилганини кўрсатмоқда», — дейилади NASA хабарида.

Шу билан бирга, қайд этилишича, ёруғлик етарли бўлмагани сабабли суратлар хира чиққан. Миссия муваффақиятли бўлганига тўла ишонч ҳосил қилиш учун сифатлироқ ёруғлик билан олинган янги тасвирлар керак бўлади. Намунанинг янги суратлари Ерга 4 сентябрь куни узатилиши кутилмоқда.

Perseverance тупроқ намуналарини йиғиш ва сақлаш тизими билан жиҳозланган бўлиб, зарбали-айланма бурғулаш технологиясидан фойдаланади. Perseverance 2 метр узунликдаги роботлаштирилган «қўли»га маҳкамланган парма ёрдамида Perseverance танланган намунани пармалаб тешади ва ундан материални чиқариб олади, у эса сўнг резервуарга тушади ва ровернинг ичида сақланади.

5 август куни марсоход сайёрадан тупроқ намунасини олишга уриниб кўрди, аммо бу муваффақиятсиз кечди — NASA мутахассислари фикрича, пармалаш учун танланган тош дрел таъсири остида майдаланиб кетиб, чангга айланган.

Келажакда ровернинг Марсдаги миссияси чоғида тўпланган намуналар NASA ва Европа космик агентлигининг қўшма миссияси доирасида Ерга етказилиши кутилмоқда.

Аввалроқ Perseverance марсоходи Марс атмосферасидан кислород ажратиб олишга муваффақ бўлган эди. Ушбу синовни марсоход 20 апрель — сайёрада ўтказаётган 60-кунида амалга оширди. Америка коинот агентлиги аниқлик киритишича, бу кашфиёт келажакда космонавтларни нафас олиш учун яроқли бўлган ҳаво билан таъминлашда ёрдам беради. Таъкидланишича, қизил сайёра атмосферасининг 96 фоизини карбонат ангидрид ташкил этади.

Perseverance марсоходи ортилган ракета 2020 йил июлида Флорида штатида жойлашган Канаверал бурнидаги космодромдан учирилган эди. Февралда Америка ровери Езеро кратерига бориб қўнди. Бунгача сунъий йўлдошдан олинган маълумотлар ёрдамида у ерда катта кўлга бориб қуйилган дарё ўзани излари аниқланган эди. Олимлар фикрича, кратерда ҳаёт излари сақланиб қолган бўлиши мумкин.