Эроннинг янги президенти Иброҳим Раисий ҳукуматнинг биринчи аёл аъзосини тайинлади: академик Энсие Хазалий аёллар ва оила ишлари бўйича вице-президент лавозимини эгаллади, деб хабар беради АNews.

Энсие Хазалий

Фото: АNews

Хазалий руҳоний Абулқосим Хазалийнинг қизи бўлиб, Теҳрондаги Алзаҳро хотин-қизлар университетида декан бўлиб ишлаган, яна бир қанча университетларда маърузачилик қилган. Шунингдек, у ислом дини билан боғлиқ бир қатор китоблар муаллифи ҳамдир. Бундан ташқари, араб тили ва адабиёти йўналишида докторлик даражасига эга.

Аёллар ва оила ишлари бўйича вице-президент лавозими 2013 йилда таъсис этилган, унгача аёллар масалалари бўйича вазирлик, идора ва марказлар бирин-кетин фаолият юритиб келган, уларга ҳам аёллар раҳбарлик қилган.

Қайд этилишича, Эронда аёллар эркаклар билан тенг ҳуқуқларга эга эмас. Сўнгги йилларда бир қанча қонунлар аёллар фойдасига қайта кўриб чиқилганига қарамай, улар ажрашув, фарзандларга васийлик ва мерос каби ҳуқуқий масалаларда ҳалигача дискриминацияга учрайди. 1979 йилги Ислом инқилобидан кейин уларга рўмол ўраш ва ёпиқ кийиниш талаби қўйилган бўлса-да, кўплаб аёллар — айниқса, шаҳарларда — бунга риоя қилмайди.

Эрон президентининг ўндан ортиқ вице-президентлари бўлиб, улар биринчи вице-президент ва Атом энергияси ташкилоти раҳбарини ҳам ўз ичига олади. Вице-президентлар вазирлардан фарқли ўлароқ, парламент томонидан тасдиқланиши шарт эмас.

Иброҳим Раисийнинг ўзи Эрон президенти лавозимига 5 август куни расман киришганди.

Эронда президент сайловлари июнь ойида бўлиб ўтди. Эрон Олий суди раиси Иброҳим Раисий 17,9 миллион киши (сайловчиларнинг 62 фоизи)нинг овозини қўлга киритиб, мамлакат президенти этиб сайланди.

Июль охирида Эронда ичимлик суви етишмаслиги туфайли норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Хузистон вилоятидаги норозилик намойишлари туфайли амалдаги президент Ҳасан Руҳоний даврининг сўнгги ҳафталари оғир кечди. Сайланган президент Иброҳим Раисий инаугурациясини кутмасдан мамлакатда тартибни тиклашга киришди.