15:58, 04.09.2021 // 14937

Ҳуснбузарли терини парвариш қилиш билан боғлиқ энг кўп тарқалган 5 хато

Тери гўзал ва соғлом бўлиши учун уни тўғри парвариш муҳим саналади. Кун давомида йўл қўйиладиган ҳар қандай хато вазиятнинг ёмонлашишига олиб келиши мумкин. Бундай хатоларнинг энг кўп тарқалганлари ва уларни қандай бартараф қилиш мумкинлиги ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Фото: Getty Images

Терини ҳаддан ортиқ даражада тез-тез тозалаш

Биринчи ва энг кўп тарқалган хато терини ҳаддан ортиқ даражада кўп тозалаш ҳисобланади. Тери ёғ ишлаб чиқаришни жадаллаштиради, юз ялтираб қолади. Юзни тезда ювиб ташлаш эса вазиятни оғирлаштиради. Аксарият ҳолларда юзни тез-тез ювиш исталган юз териси учун зарарли ҳисобланади. Тозалаш жараёнида терининг ҳимояловчи липид қатлами шикастланади, қурий бошлайди. Бу эса бактериялар учун қулай шароит ҳисобланади ва яллиғланиш келиб чиқади.

Матоли сочиқдан фойдаланиш

Нам ва иссиқ ювиниш хонасидаги юз сочиғи бактериялар ёпишиши учун қулай макон ҳисобланади. Матоли сочиқдан фойдаланиш орқали сиз ҳар гал юзингизни ювгандан кейин микробларни юз терисининг устки қатламига қайтаришга муваффақ бўласиз. Шу сабаб ҳам мутахассислар барчага (айниқса, ёғли тери эгаларига) бир марталик қоғоз сочиқлардан фойдаланишни тавсия қилади. Яхшиси, уларни ваннадаги полкада эмас қоронғи, қуруқ шкафда сақланг.

Намлантирмаслик

Фақатгина қуруқ терини намлантириш керак, деган тушунча хато ҳисобланади. Намлантирадиган воситалардан фойдаланмаслик ҳуснбузар тошишига сабаб бўлади. Ёғсизланган тери қуруқликдан ҳимоя қилиш учун кўп миқдорда себум ишлаб чиқаради. Себумнинг кўплиги эса яллиғланиш кўпайишини билдиради. Шуни инобатга олган ҳолда енгил формулага эга бўлган ва комедоген ингредиентларсиз намлантирувчи косметик воситалардан фойдаланинг. Глицерин, сув ўтлари ва сут кислотаси энг яхши вариант ҳисобланади.

Скрабдан фойдаланиш

Ҳатто энг юмшоқ скраб ҳам ҳимоя қатламига зарар етказиб, терини шикастлаши мумкин. Албатта, эксфолиация, яъни терини яхшилаб тозалаш исталган турдаги тери учун муҳим саналади. Аммо ҳуснбузар билан боғлиқ вазиятда ферментли пудра (Enzim face Cleancer —юзни тозалаш учун мўлжалланган восита), юмшоқ пилинг ва ёғли тери учун мўлжалланган махсус кислотали лосьонлардан фойдаланган яхши.

Таркибида спирт бўлган воситалардан фойдаланиш

Аъло даражада зарарсизлантирадиган ва ёғсизлантирадигандек туйилгани билан, спирт муаммоли тери аҳволини янада ёмонлаштириши мумкин. Тез-тез тозалаш сингари спирт ҳам биринчи навбатда терининг ҳимоя қатламига зарар етказиб, бактерияларнинг кириши учун мукаммал шароит яратади. Шундай экан, косметик воситаларни харид қилишдан аввал эътиборли бўлиш ва таркибида спирт бўлмаганини танлаш тавсия қилинади.

Энг кўп ўқилган

Қидирув