Ижтимоий сўровнома натижаларига кўра Италия ошхонаси машҳурлик бобида етакчилик қилади. Ушбу ошхона ҳақида гап кетганда барчанинг кўз олдига мазали пицца ва спагеттилар келади. Аммо машҳурлик ҳаммага маълумликни билдирмайди. Италияда бўлмаганлар ушбу мамлакатдаги овқатланиш билан боғлиқ одатлар ҳақида билмаслиги ёки янглиш тушунчага эга бўлиши мумкин.

Капучино фақат нонуштада ичилади

Фото: Getty Images

Италияда қаҳва ичиш билан боғлиқ қатъий қоида бор. Масалан, капучино ёки бошқа сут қўшилган қаҳва фақат нонушта пайтида ичилади, кафе ва ресторанларда соат 11 дан кейин буюртма берилмайди. Яна бир қизиқ маълумот: Италияда капучино ва латтега ҳеч қачон долчин қўшилмайди.

Нонуштага ширинлик тановул қилинади, тухум ейилмайди

Фото: AdMe

Италияликлар тўйимли нонушта қилмайди, бунинг ўрнига тонгда қаҳва ичиш ҳамда ширинлик, масалан, печенье ейди. Шунингдек, нонуштага тухум истеъмол қилинмайди. Тухум фақатгина меҳмонхона ва ресторанларда сайёҳларга пишириб берилиши мумкин.

Таомни фақат сув билан истеъмол қилиш мумкин

Фото: AdMe

Италияликлар таом билан бирга сут истеъмол қилса, ҳазм тизимига зарар етишига ишонади. Шунингдек, овқат таъмини ўзгартириши боис газланган сув ва шарбат ҳам ичилмайди. Худди шу сабаб билан қаҳва ҳам фақат овқатланиб бўлгандан кейин ичилади. Газланган ичимликларни истисно сифатида пицца билан истеъмол қилиш мумкин.

Нон дастурхонга сариёғдан алоҳида тортилади, қолаверса, паста ҳам нонсиз истеъмол қилинади

Фото: AdMe

Яхши хизмат кўрсатиладиган ресторанларда хўранда буюртма беришидан аввалроқ столга нон солинган саватча ҳамда сариёғ ва пичоқ қўйилади. Италияда нон деярли дастурхонга сариёғ суртиб тортилмайди. Баъзида зайтун ёғи суртилган ҳолда тортилиши мумкин. Шунингдек, паста ҳам ҳеч қачон нон билан ейилмайди.

Нон билан боғлиқ бошқа бир одат

Фото: AdMe

Италияликлар овқатдан кейин тарелкада қолган қолдиқни нон бўлаги билан еб қўяди. Бўлакларга бўлинган нон «скарпетта» деб аталади.

Асосий тановул вақтлари орасида тамадди қилинмайди

Фото: Getty Images

Овқатланиш Италия аҳолиси учун ўзига яраша анъана ҳисобланади ва айнан шу боис ҳам асосий тановул вақтлари орасида тамадди қилинмайди. Машҳур ошпаз Паллегриномн Артузининг китобида ёзилишича, тушлик ва кечки овқат орасида 7 соат вақт бўлиши керак — таомнинг тўлиқ ҳазм бўлиши учун айнан шунча вақт лозим. Шу билан бирга, италияликлар фикрича, тановул мобайнида шошилиш ярамайди. Телевизор қаршисида яримтайёр маҳсулотлар ва газакларни чўқилаш ҳам италияликларга хос эмас. Улар овқат пиширишга, баъзида эса ундан ҳам кўра истеъмол қилишга кўпроқ вақт сарфлайди.

Тушлик қатъий тартиб асосида дастурхонга тортиладиган бир неча овқатдан иборат бўлади

Фото: AdMe

Асосий овқатланиш пайтида ҳам дастурхондан анъанавий тарзда бир неча егулик ўрин олади. Дастлаб антипасто, кейин биринчи овқат — паста ёки ризотто келтирилади. Сўнгра иккинчи таом — гўшт ёки балиқни гарнир ё бўлмаса салат билан бирга ейиш мумкин. Кейин таъбга қараб ширинлик, мева ва қаҳва истеъмол қилинади. Улардан бирини тановул қилмаслик мумкин, аммо кетма-кетликни бузиш асло мумкин эмас.

Фото: AdMe

Салатга зайтун ёғи ва бальзамли сирка қўшилади ва фақатгина иккинчи овқат билан қўшиб истеъмол қилинади. Тўйимли таомлар билан қўшиб истеъмол қилингани ҳисобига ҳам Италия ошхонасига мансуб салатларнинг деярли бари енгил ва оддий бўлади.

Инсалатона — қайнатилган тухум, гўшт, балиқ, нўхат ва жўхоридан иборат бўлади. Биринчи овқатдан аввал дастурхонга тортиладиган антипастога оид бўлган инсалатона баъзида тўлиқ овқатланишни ҳам ўрнини босади.

Балиқ ва денгиз маҳсулотларидан тайёрланган таомга ҳеч қачон пишлоқ қўшилмайди

Фото: AdMe

Қирғичдан чиқарилган пармезан пишлоғини исталган итальянча таомга қўшиш мумкин, деб ўйлаганлар янглишади. Ушбу пишлоқ тури пицца, паста, ризоттога ўзгача таъм бағишлайди, аммо ҳаммаси соусга боғлиқ бўлади.

Спагетти қиймали шарчалар ёки товуқ билан қўшиб истеъмол қилинмайди

Фото: AdMe

Италия ошхонасига хос ёзилмаган қоида бор: паста ва гўштни битта ликопчадан истеъмол қилмаслик керак. Шунинг учун ҳам котлет ёки қиймали шарчалар бошқа бир егулик билан бирга ейилади. Шунингдек, Италиядан асосида товуқ бўлган соусли пастани деярли топиб бўлмайди. Товуқ иккинчи таом сифатида истеъмол қилинади.

Спагетти қошиқ билан ейилмайди ва пичоқ билан бўлинмайди

Фото: AdMe

Спагеттини фақат болаларгина қошиқ билан ейиши мумкин. Катталар эса санчқи ишлатган ҳолда истеъмол қилиши керак. Қолаверса, ушбу таомга пичоқ ишлатиш шарт эмас. Спагетти ва бошқа макаронлар бўкиб қолмаслиги учун тузли сувда, баланд оловда қайнатилади.

Пицца бўлинмайди

Фото: AdMe

Италияда пицца столга тортишдан аввал бўлакларга бўлинмайди. Одатга кўра, италияликлар киши бошига биттадан пицца буюртма қилади. Гап шундаки, у ерда пиццаларнинг ҳажми унчалик катта бўлмайди. Начинкасида эса калория бисёр эмас. Шундан келиб чиқиб италияликлар пиццани бўлишишда маъно кўрмайди. Бундан ташқари пицца кесилса, моцарелла хамир ичига оқади ва хамир юмшаб қолади. Умуман олганда, ушбу мамлакат аҳолиси бир нечта одам учун битта таомни буюртма бермасликни маъқул билади. Бу қоида болаларга ҳам тааллуқли. Ширинлик ва газаклар бундан мустасно.

Менюда пиццага хос одатий номларни учратиб бўлмайди

Фото: AdMe

Дунёнинг бошқа бурчаклари учун одатий бўлган пицца номлари италияликларга бегона. Масалан, гўштли ёки ҳаммага машҳур бўлган пеперони у ерда йўқ. Пеперони буюртма қилган сайёҳга одатий қалампир етказилишининг эҳтимоли катта. Чунки пеперони итальянчада peper, яъни қалампирнинг кўплик шакли ҳисобланади. Колбасали пицца таъмини таътиб кўриш учун pizza al salamino, pizza diavola ёки pizza calabrese’ни сўраш керак.

Мева ва сабзавотлар пўсти арчилган ҳолда истеъмол қилинади

Фото: AdMe

Италияликлар бошқа мамлакатларда пўсти билан истеъмол қилинадиган мева ва сабзавотлар — олма, нок, шафтоли, бодрингни пўстини арчиб кейин истеъмол қилади. Арчилмаган мева еяётган меҳмон ёки сайёҳга пичоқ келтирилади.

Фото: AdMe

Оилавий тушлик (италияликлар оила аъзолари билан ҳар якшанба куни учрашади) вақтида кимдир «Бон аппетито!», яъни ёқимли иштаҳа демагунича овқатга қўл уриш ярамайди. Бу сўз айтилмасидан аввал ҳатто стаканларга ичимлик қуйилмайди. Қолганлар тушлик қилиб бўлмагунича стол атрофини тарк этиш ҳам италияликларга хос эмас.

Болаларни ҳамиша бирга олиб юриш мумкин

Фото: AdMe

Болалар ушбу мамлакат аҳолисининг жон-у дили. Шу сабаб ҳам улар ҳамма ерга боласини ўзи билан олиб юриши мумкин. Италияда уйқуга эрта ётилмайди, айнан шу сабаб ресторанларда ҳатто тун ярмида ҳам фарзанди билан бирга ташриф буюрган хўрандаларни учратиш мумкин.