Марказий банк бошқаруви 9 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда асосий ставкани ўзгаришсиз — йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Фото: «Дарё»

Таъкидланишича, йиғилиш тафсилотлари билан соат 15:00 да эълон қилинадиган расмий пресс-релизда танишиш мумкин бўлади. Марказий банк бошқаруви бундан аввал, 29 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда ҳам асосий ставкани ўзгаришсиз — йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолганди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил бошида йиллик ставка 14 фоиз этиб тасдиқлаганди. 2019 йилда ушбу ставка 16 фоизгача кўтарилганди. 2020 йил март ойида ҳам базавий ставка ўзгаришсиз қолдирилиб, 16 фоиз деб белгиланганди.

Марказий банк бошқарувининг 2020 йил 14 апрелдаги қарори билан асосий ставка 1 фоизга пасайтирилиб, йиллик 15 фоиз даражасида белгиланган эди. Июнь ойида эса Марказий банк асосий ставкани пасайтириши ҳақида хабарлар тарқалди, бироқ 11 июнь куни асосий ставка бўйича қарор қабул қилинган ва у 15 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолдирилганди.

2020 йил 10 сентябрь куни Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, 14 фоиз этиб белгилади. Шундан буён асосий ставка йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилмоқда.