Жиззах вилояти Пахтакор туманида оғир техника босиб кетиши оқибатида вояга етмаган бола вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Дарё» сўровига жавобан маълум қилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Фото: Жиззах ЙҲХБ видеосидан кадр

Воқеа 7 сентябрь соат 17:10 лар атрофида юз берган. «Каток» русумли асфальт текисловчи техникада таъмирлаш ишларини олиб бораётган 39 ёшли ҳайдовчи уни орқа томонга ҳайдаётган вақтида шу кўчада болалар велосипедини бошқариб ўйнаб юрган, боғча тарбияланувчиси бўлган болани ушбу оғир техника билан босиб кетган. Оқибатда бола ҳодиса жойида вафот этган.

Жиззах вилояти ЙҲХБ ахборот хизмати хабарида боланинг 2016 йилда туғилгани айтилганди. Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари унинг 2015 йилда туғилганини маълум қилди.

Ҳолат юзасидан 7 сентябрь куни Пахтакор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи  томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган.

Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.