Таҳлилчиларнинг фикрича, Ўзбекистон Марказий Осиёда иқтисодий етакчи бўлиш учун барча имкониятларга эга, деб ёзмоқда Spot Financial Times’га таяниб.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Унда айтилишича, Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан сўнг иқтисодиётни очиш, шаффофлик ва бизнесни жалб қилишга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилди. «Иқтисодиёт тубдан ўзгарди. Тадбиркорлар мамлакатда бизнес юритишдан қўрқишни бас қилди», — дея қайд этган молия вазири Тимур Ишметов.

Бироқ аҳоли жон бошига ЯИМнинг пастлиги энг долзарб муаммолардан биридир. Бу инвестиция салоҳиятини чеклайди, чунки у тахминан 4 минг долларга етмагунича Ўзбекистоннинг суверен рейтинги S&P ва Fitch BB — «инвестициясиз даража»дан ва Moody’s нинг «спекулятив» B1 даражасидан кўтарилишига тўсқинлик қилади.

Расмий маълумотларга кўра, аҳоли жон бошига ЯИМ жорий йилда 1 900 долларни, 2026 йилда эса 2 800 долларни ташкил этади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, аҳолиси 34 миллион кишини ташкил этувчи жадал ривожланаётган мамлакатда даромадларнинг янада ўсиши кутилмоқда.

«Мамлакатда кўпроқ пул сарфлайдиган улкан истеъмолчи база мавжуд. Одамлар даромадга эга ва бу иқтисодиётга ҳақиқий туртки берувчи куч бўлади. Мамлакатда кўпроқ даромад олишни бошлаши мумкин деярли 35 миллион киши бор. Қолаверса, кам миқдордаги мис ва уран зарар қилмайди, мамлакатда оз бўлса-да табиий газ, пахта, тўқимачилик бор. Ўзбекистон минтақавий иқтисодий етакчи бўлиш учун барча воситаларга эга», — дейди Ўзбекистон ва Марказий Осиё бўйича ихтисослашган Bluestone инвестиция компанияси раҳбари Дакота Ирвин

Financial Times’да қайд этилишича, айрим халқаро ҳисоб-китобларга кўра, аҳоли сонининг ўсиши ва кўп тармоқли иқтисодиёт Ўзбекистонга Қозоғистонни ортда қолдириб, ўн йил ичида Марказий Осиёдаги етакчи иқтисодиётга айланишга ёрдам бериши мумкин. Ўзбекистон МДҲда Россиядан кейин иккинчи ўринни эгаллашга интилмоқда.

«Бир неча йиллардан сўнг, эҳтимол 2030 йилга келиб, бизнинг ялпи ички маҳсулотимиз МДҲ бўйича иккинчи ўринда бўлади. Биз юқори даромадли мамлакатлар қаторига киришга интиламиз», — деган иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ЯИМ 2020 йилда 57,7 миллиард долларга етди, Россияда бу кўрсаткич 1,5 триллион долларни, Қозоғистонда эса 170 миллиард долларни ташкил этди.

Нашрнинг қайд этишича, Қўчқоровнинг гаплари баландпарвоздек кўринса-да, Ўзбекистон иқтисодиёти сўнгги вақтларда кескин ўсди. Ҳатто 2020 йил пандемия даврида ҳам мамлакат ялпи ички маҳсулоти пасайиши эмас, 1,6 фоизга кўтарилгани қайд этилган камсонли мамлакатлардан бири бўлди.

«Биз кўп ишларни амалга оширдик, лекин олдинда бажарадиган ишларимиз ҳали кўп», — дея сўзларини якунлаган Жамшид Қўчқоров.