АҚШ 12 сентябрь куни афғон учувчиларини Ўзбекистондан олиб чиқишни бошлагани ҳақида хабар берилганди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Юсуф Кабулжанов афғонистонлик ҳарбий хизматчилар ва фуқаролар Ўзбекистондан олиб чиқилганини тасдиқлади, дея хабар бермоқда «Gazeta.uz».

«Афғонистондаги сўнгги воқеалар туфайли бир гуруҳ собиқ ҳарбий хизматчилар ва Афғонистон фуқаролари Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган ва қўлга олинган эди. 12−13 сентябрь кунлари Ўзбекистон ҳудудида жойлашган барча афғон фуқаролари бошқа мамлакатга эвакуация қилинди», — дея маълум қилди Юсуф Кабулжанов.

Гап Афғонистон Ҳарбий ҳаво кучларига тегишли вертолёт ва самолётларда Ўзбекистонга қочиб ўтган афғон учувчилари ҳақида кетмоқда. 16 август куни Ўзбекистон Бош прокуратураси мамлакат ҳаво маконининг ичида 585 нафар афғон ҳарбий хизматчиси бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт кесиб ўтгани тўғрисида хабар берганди (кейинроқ охирига қадар текширилмаганини маълум қилган). Кузатув давомида Embraer-314 ва МиГ-29 самолётлари тўқнашиб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудига қулаган.

WSJ’нинг ёзишича, АҚШ афғон учувчилари борасида Ўзбекистон билан келишувга эришди. Келишувга кўра, Ўзбекистонга қочиб келган бир гуруҳ афғон Ҳарбий ҳаво кучлари учувчилари оилалари билан шу ҳафта охирида Америка ҳарбий базасига ўтказилади.