Овқатни самарали ҳазм қилиш учун бунда иштирок этадиган тизим ва органлар тўғри ишлаши керак. Жигар сафро ишлаб чиқаради ва у ўт қопида тўпланади.

Фото: Pinterest

Овқатланганда ўт қопи қисқариб, таркибини ичакка бўшатади. Сафро ёғли овқатларни ҳазм қилишда иштирок этади, ферментларни фаоллаштиради, ичак ҳаракатини рағбатлантиради. Ошқозон ости бези овқат ҳазм қилиш ферментларини ишлаб чиқаради, улар оқсилларни, ёғларни ва углеводларни парчалашга ёрдам беради. Ошқозонда ҳар бир таом учун хлорид кислотасини ўз ичига олган меъда шираси ишлаб чиқарилади. Хлорид кислота меъда ширасининг антибактериал таъсирини таъминлайди ва ҳазм қилиш учун зарур муҳитни тайёрлайди.

Афсуски, ҳозирги тез ва шиддатли ҳаёт тарзида нотўғри овқатланиш, стресс, руҳий ва жисмоний чарчоқ оқибатларида кўпчиликни жиғилдон қайнаши, яъни меъда ширасининг кислоталилиги ошиши тез-тез безовта қилиб туради. Бу ҳолатга кўпчилик эътибор бермайди.

Қандай вақтларда эҳтиёт бўлиш зарур?

  • ошқозон соҳасида оғриқ бўлса;
  • овқатланишдан олдин ва кейин жиғилдон қайнаса;
  • қорин дам бўлса, ошқозон соҳасида оғирлик сезса, аччиқ сув билан кекириш пайдо бўлса;
  • тилда оқариш, кўнгил айниш қўшилса.

Ошқозон кислотаси секрециясини камайтиришга ва яхшилашга ёрдам берадиган маҳсулотлар:

Сут

Жиғилдон қайнаганда 100 грамм сут яхши ёрдам беради. Бир кунда уч маҳал овқатланишдан олдин ичиш тавсия этилади.

Шўрва

Товуқ гўштидан ва қўшимча сабзавотлардан — лавлаги, картошка, қовоқ билан пиширилса, яхши фойда беради.

Бўтқа

Гуруч, арпа, гречкадан сутда ёки сувда пиширилган бўтқалар ҳам яхши ёрдам беради.

Асал

Асал ва асаларичилик маҳсулотлари юқори кислоталиликни камайтиришга ёрдам беради ва ошқозон шиллиқ пардасини ҳимоя қилади.

Эрталаб бир чой қошиқ асални 100 грамм сувга эритиб, оч қоринга истеъмол қилиш тавсия этилади. Шунингдек, 1:1 нисбатда асал ва алоэ шарбатидан тайёрланган шарбатни кунига уч маҳал бир чой қошиқдан овқатдан 30-40 дақиқа олдин истеъмол қилиш мумкин.

Картошка суви

Янги тайёрланган картошка шарбати иммунитет тизимини мустаҳкамлайди, қон босимини пасайтиради, шунингдек, меъда шираси кислоталилигини камайтиришга ёрдам беради. Картошка суви овқатдан 30-40 дақиқа олдин ичилади. Аввалига бир ош қошиқдан бошланади, секин-аста 100 граммга етказиш керак. Бир ой давомида ичилади. Картошка шарбатини тайёрлашда фақат сифатлисини ишлатиш керак. Оксидланишнинг олдини олиш учун пластик қирғичлардан фойдаланиш керак.

Қуритилган нон

Янги нон меъда шираси секрециясини оширади, шунинг учун суви қочган нон истеъмол қилиш фойда келтиради.

Мевалар

Олма, қизил сабзини яхшилаб чайнаб ёки қирғичдан ўтказиб, ҳар куни истеъмол қилиш яхши фойда беради.

Ошқозон кислоталилиги ошган маҳалда қаҳва, ёғли таомлар, қовурилган овқатлар, аччиқ таомлардан вақтинча воз кечиш керак ва овқатларни ўртача иссиқликда истеъмол қилиш тавсия этилади.

Шифокор Хуршид Аъзамхўжаев тавсиялари асосида тайёрланди.