14 сентябрь куни  ижтимоий тармоқларда Onix автомобили 13 минг доллардан бошлаб сотувга чиққани айтилган видео кенг тарқалди. UzAuto Motors бу маълумотнинг асоссиз эканлигини маълум қилди.

Фото: UzAuto Motors

«Бугунги кунда сотувда мавжуд бўлган автомобиллар рўйхати билан uzautomotors.com сайти орқали танишишингиз мумкин. Қолаверса, Chevrolet Onix русумли автомобилнинг сотуви бошланиши ҳақида биз расмий каналларимизда эълон қиламиз. Шунингдек, келтирилган видеода сотув бошлангани ҳақида ҳеч қандай гап йўқлигини инобатга олинг», — дейилади компания хабарида.

Бундан ташқари, ёнилғи сарфи тарқалган видеода айтилганидек 8 литр эмас, 6 литргача бўлиши, автомобиллар сотуви ҳамда нархи бўйича маълумотларни компаниянинг расмий каналларидан ёки @uzavtosavdo_bot Telegram-боти орқали билиб олиш мумкинлиги қўшимча қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Chevrolet Onix автомобилини ягона платформадаги ишлаб чиқариш имконини берадиган ўрнатиш ва ишга тушириш ишлари 2021 йилнинг июль—август ойида олиб борилди.

Апрель ойида UzAuto Motors Chevrolet Onix’ни турли соҳа вакиллари ва блогерлар иштирокида синовдан ўтказганди.