SpaceX компаниясининг Falcon 9 элтувчи ракетаси бортида тарихдаги биринчи нопрофессионал экипаж бўлган Crew Dragon кемасини орбитага олиб чиқди. Ракета Тошкент вақти билан 16 сентябрь 0 5:02 да АҚШнинг Флорида штатидаги Канаверал бурнида жойлашган космодромдан парвоз қилди.

Фото: SpaceX

Кема 575 км баландликдаги орбитага олиб чиқилди. Бу Халқаро коинот станциясининг жорий орбитасидан ва бунгача учирилган барча бошқарилувчи парвозлар орбиталаридан ҳам баландроқдир.

Тарихда биринчи марта орбитага космик сайёҳлардан иборат мутлақо нопрофессионал экипаж йўл олди. Кема бортида тўрт киши — экипаж командири ва парвоз ҳомийси миллиардер Жаред Айзекман, тадқиқотчи аёл Сиан Проктор, шифокор Хейли Арсено ва АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари фахрийси Кристофер Семброски бор.

Кема Ерга яқин орбитада уч кун бўлиб, сўнг Ерга қайтиши режалаштирилган. Парвоз чоғида нопрофессионал космонавтлар вазнсизлик ҳолатида илмий тажрибалар ўтказиши кутилмоқда.

Кема экипажи

Фото: SpaceX

Inspiration 4 деб ном олган миссия хайрия хусусиятига эга бўлиб, болалар онкологик касалликларига ихтисослашган Авлиё Жуд болалар шифохонаси учун маблағ йиғишга қаратилган. Экипаж аъзоларидан бири — 29 ёшли Арсеноксга 10 ёшлигида чап оёқ остеосаркомаси ташхиси қўйилган, шундан сўнг у кимёвий даволашнинг 12 та циклини ҳамда тизза ва сон суягининг бир қисмини олиб ташлаш операцияларини бошидан кечирган. Коинотдаги энг ёш америкалик аёлга айланган Арсенокс экипажда шартли равишда «Умид» деб номланган жойни эгаллади. Кема бортидаги қолган ўриндиқлар эса «Етакчилик», «Олижаноблик» ва «Фаровонлик» деб ном олган.

Эслатиб ўтамиз, Virgin Galactic компанияси асосчиси, британиялик Ричард Бренсон 11 июль куни VSS Unity суборбитал ракетопланида коинотга муваффақиятли парвозни амалга ошириб, космик туризм даврини бошлаб берганди.  У билан бирга икки учувчи ва яна уч нафар йўловчи коинотга чиқди. Парвоз яхши ўтди — кема мўлжалланган баландликка етиб борди, йўловчилар бир неча дақиқа вазнсизлик ҳолатида бўлди, шундан сўнг VSS Unity Ерга хавфсиз қайтиб тушди.

20 июль куни эса Amazon асосчиси Жефф Безос коинотда бўлиб қайтди. Бортида Безос ва яна уч нафар одам бўлган New Shepard ҳаво кемаси космосга чиқиб, муваффақиятли қўнишни амалга оширди. New Shepard капсуласи космодромдан учгач, тахминан 350 минг фунт масофани босиб ўтди, Ер атмосферасини фазодан ажратиб турувчи Кармана чизиғидан (Ердан 100 километр узоқликда) ўзган ҳолда коинотга чиқди. Парвоз, тахминан, 11 дақиқа давом этган.

Яқинда эса америкалик тадбиркор ва ихтирочи, Apple асосчиларидан бири Стив Возняк Privateer Space хусусий космик компанияси ташкил этилганини эълон қилди. Вознякнинг Twitter’да ёзишича, янги компания ўз рақобатчиларидан фарқли бўлади.