Андижон туманида яшовчи фуқаро келишмовчилик сабаб ўгай укаларини чопиб ташлади. Улардан бири кўп жароҳат олиши оқибатида вафот этган, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Аниқланишича, 2021 йилнинг 7 сентябрь куни соат 17:00 да Андижон туманининг «Жаҳонобод» маҳалласида яшовчи фуқаро М.С. ўгай укалари — вояга етмаган Р.С. ва И.С.лар билан ўзаро жанжаллашиб қолиб, уларга чопқи билан зарар етказган.

Ўгай ака жанжал давомида дарахт шохларини чопиш учун мўлжалланган чопқи билан Р.С.нинг бош, бўйин, елка, қўл, оёқ ва сон қисмларига уриб, ҳаёти учун хавфли бўлган тан жароҳатлари етказган ва унинг ўлимига сабаб бўлган. Шунингдек, ака яна бир укаси И.С.нинг ҳам бош, бўйин, елка, қўл қисмларига уриб, оғир турдаги кўплаб тан жароҳатлари етказган.

Айни кунда ҳолат юзасидан М.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. М.С.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.