Тошкент шаҳрида қашқадарёлик жаҳон чемпиони 29 ёшли Камолиддин Расулов бошқа бир чемпион йигит томонидан пичоқлаб, ўлдирилгани ҳақида хабар берилганди. «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган марҳумнинг яқинларига кўра, қотилликда бир неча кишининг қўли бор.

«Ўша куни келинимиз воқеани кўрган. Укам яралангач, қочган. Ортидан эса икки киши қувган. Учинчи киши эса йўлини тўсиб, уни ушлаган», — дейди «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган марҳумнинг яқини.

Камолиддин Расулов.

Фото: Марҳум яқинларининг шахсий архивидан

Марҳум яқинларининг келини — Камолиддин Расуловнинг бевасига таяниб хабар беришича, спортчини хотини бекат орқасидан яраланган ҳолда топган.

«Ўша ерга ҳам келиб, укамни яна пичоқлашган. Улар ўша куни укам яшайдиган ‘дом’ ёнига келиб, қайта-қайта телефон қилган. Кейин укам келинимизга ‘менга тинмай телефон қилишяпти, нима гапи бор экан, кўришиб келайчи’, деган. Уларнинг ёнига борганда эса, уни ваҳшийларча пичоқлашган», — дейди марҳумнинг опаси.

Марказий студия кўрсатуви ижодкорлари тайёрлаган лавҳада ҳам марҳумнинг яраланган ҳолатда қочиб кетаётгани ва унинг ортидан икки киши қувлаётгани кўринган.

«Ўртоқлари бўлган-да, уларга витамин сотган. Кейин у (қотилликда гумонланувчи) шифохонага борди. Кейин шифокор ‘сен ўласан бўлди, сенга озгина қолди’, деган. Лекин у юрганди. Кейин у ўртоғининг ёнига келиб, ‘мен ўлсам сен ҳам ўласан’, деган», — дейди Марказий студия кўрсатуви мухбирига интервью берган гувоҳлардан бири.

Кўрсатувда марҳумни қувлаганлар икки киши бўлгани кўринса-да, кўрсатув мухбирига интервью берган прокуратура вакили гумонланувчиларнинг неча киши бўлганига аниқлик киритмаган. Прокуратура ходимининг сўзларига эътибор қилинса, гумонланувчи сифатида бир киши 2021 йилнинг 14 сентябрь куни қамоққа олингани англашилади.

«Дарё» мухбири марҳум яқинларининг гумонланувчилар бир неча киши бўлгани ҳақидаги тахминлари, шунингдек, Марказий студия кўрсатуви кадрларида марҳумни қувлаб кетаётганлар икки киши бўлганига эътибор қаратиб, Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновдан ҳолатга аниқлик киритишга уринди.

«Ҳолатга тергов давомида аниқлик киритилади», — деди бу ҳақидаги сўровга жавоб берган Ҳаёт Шамсутдинов.

Эслатиб ўтамиз, спортчи Камолиддин Расулов ўлими юзасидан Учтепа тумани прокуратураси томонидан Ш.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, у Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушлангани, шунингдек, спортчининг ўлимига сабаб бўлган Ш.Т. ҳам миллий кураш ва дзюдо бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлиб, ўзбек миллий кураши бўйича биринчи жаҳон чемпиони — Тоштемир Муҳаммадиевнинг жияни бўлгани хабар берилганди.